Бепул ҳуқуқий маслаҳат

Ҳудудий бирлашма томонидан Фарғона вилоят телерадиокомпаниясининг радио гуруҳи билан “Фарғона ФМ жавоб беради” ва “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳалари бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда. Лойиҳа бўйича ҳафтанинг ҳар душанба, чоршанба ва жума кунларида радио орқали чиқишлар ташкилланади. Истеъмолчилик соҳасига оид саволларингиз бўлса Фарғона радиосининг (99873) 243-68-32 телефонига мурожаат қилишингиз ёки fargona@istemol.uz электрон манзили орқали ҳудудий бирлашмага юборишингиз мумкин.
Ҳудудий бирлашма қизиқарли саволлар ва уларнинг жавобларини сайтнинг мазкур – “Бепул ҳуқуқий маслаҳат” рукнида жойлаштириб бориш ҳуқуқига эга.

Қуйида “Фарғона ФМ жавоб беради” радиолойиҳасига келиб тушган савол-жавоблардан айримларини келтирамиз:

Аудио формат:

Саволларга ҳудудий бирлашма мутахассиси Аҳмадали Хакимов жавоб беради:

1) Товарлар сотиб олаётганда истеъмолчи сифатида сотувчиларга қандай талабларни қўйишимиз ўринли бўлади?

Саволлар ва жавоблар:

Айтайлик, мен сотиб олган товарда нуқсонлар бўлса, ўзимнинг истеъмолчилик ҳуқуқимни амалга ошириш учун қандай чора-тадбирларни кўришим керак?

Шавкатжон АбдурахмоновДанғара тумани

Жавоб: Бу ҳолатда Сиз биринчи навбатда сотувчи ёки ишлаб чиқарувчига даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз лозим бўлади. Сиз сотувчи ёки ишлаб чиқарувчига берадиган даъвони, ўз ихтиёрингизга қараб тузасиз. Сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи уни қабул қилиши шарт. Даъво икки нусхада ёзилади. Қонунга мувофиқ, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) ўзининг корхонаси, жойлашган манзили, телефони ва раҳбарининг исми тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шарт.

Даъвода Сиз, содир бўлган ҳолатни ва ўз талабингингизни қисқача таърифлайсиз, қонунчиликнинг бузилган нормаларини ва талабни бажариш муддатини кўрсатасиз. Даъвони бериш, Сизни мавжуд муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилганингиздан далолат беради. Даъвода, уни тақдим қилинган вақт аниқ кўрсатилади ва Сизни талабларингизни тасдиқловчи барча ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

Даъво икки нусхада тузилади. Бунда, унинг битта нусхаси сотувчига ёки ишлаб чиқарувчига берилади, иккинчи нусха эса, биринчи нусхани олган шахснинг олганлигини тасдикдовчи имзоси қўйилган ҳолда ўзингизда қолади. Агар, сотувчи талабни бажаришдан бош тортса, у ҳолда, даъво билдириш хати билан унинг манзилига юборилади. Товар, даъво билан бирга уни сотган ёки ишлаб чиқарган тадбиркорлик субъектига юборилади. Агарда, у даъвода кўрсатилган талабларни бажармаса ёки бажаришга киришмаса, у ҳолда, Сиз ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш ва етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш юзасидан судга даъво қилишга ҳақлисиз.

Шу ўринда, Сизга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг туман (шаҳар) жамиятларига мурожаат қилишингиз мумкинлигини ва у ерда даъво хатини тузиш юзасидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олишингиз мумкинлигини ҳам эслатиб ўтамиз.


Агар мен сотиб олган товарда нуқсон бўлса-ю, сотувчи товарни алмаштириб беришдан бўйин товласа нима қилиш керак?

Халимжон Эргашев, Қувасой шаҳри

 Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 14-моддасига асосан сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчи томонидан товардаги нуқсонлар бўйича эътироз билдирилиб, алмаштириш тўғрисидаги талаб қўйилган пайтдан эътиборан 7 кунлик муддатда нуқсонли товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилиши лозим. Товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб берилиши шарт. Айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак.

Агар сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилиб етказилган зиён ва маънавий зарарни ушбу Қонуннинг 20 ва 22-моддаларига мувофиқ қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Сотиб олинган товарда нуқсони борлиги маълум бўлгач, агар мен нуқсонни бартараф этишни талаб қилсам, товардаги нуқсонни неча кунда бартаф этиб беришлари керак бўлади? 

Соибжон Хошимов, Фарғона шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 15-моддасига асосан, Товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим.

Узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади (сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради). Бунинг учун ишлаб чиқарувчи сотувчи билан биргаликда шартнома асосида товарларнинг алмашув фондини назарда тутишлари шарт. Мазкур талаблар татбиқ этилмайдиган узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайди.

Товардаги нуқсонларни бартараф этиш хусусида талаб қўйилган тақдирда, ундан фойдаланишнинг кафолат муддати истеъмолчининг товардан фойдалана олмаган даврга тенг муддатга узайтирилади. Мазкур муддат истеъмолчи нуқсонларни бартараф этиш талаби билан мурожаат этган кундан эътиборан ҳисоблана бошлайди.

Сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиш учун шундай товарни бериб туриш ҳақидаги талабини бажариш кечиктирилган ҳар бир кун учун, шунингдек, нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлайди.


Сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан истеъмолчига етказилган моддий зиён ва маънавий зарар тўғрисида тушунтириш берсангиз.

 Холиқбердиев Шуҳрат, Данғара тумани

 Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 20-моддасига кўра, товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик белгиланган бўлиб, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.

Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар у норматив ҳужжатларда назарда тутилган товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилинган) пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозим.

         Шунингдек, қонуннинг 22-моддасига кўра, маънавий зарар учун ҳақ тўлаш белгилаб қўйилган. Унга кўра, истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди.

Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.


Амалдаги тартиб қоидаларга асосан савдо дўконлари томонидан қайтариб олинмайдиган товарлар бор экан. Шу товарлар тўғрисида кенгроқ маълумот берсангиз.

                            Гулжахон Холхўжаева, Фарғона шаҳри

Жавоб: Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига асосан, “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати” белгилаб қўйилган. Ушбу рўйхатга, уй шароитларида касалликларни профилактика қилиш ва даволаш учун товарлар (металл, резина, тўқимачилик ва бошқа материаллардан тайёрланган санитария ва гигиена буюмлари, тиббий жиҳозлар, приборлар ва аппаратлар, оғиз бўшлиғи гигиенаси воситалари, кўзойнак линзалари, болаларни парвариш қилиш буюмлари, дори-дармонлар; шахсий гигиена буюмлари (тиш чўткалари, тароқлар, соч тўғноғичлар, соч бигудилари, улама сочлар, шиньонлар ва бошқа шу каби товарлар; атторлик-пардоз товарлари; тўқимачилик товарлари;  кабель маҳсулотлари (симлар, шнурлар, кабеллар); қурилиш ва пардозлаш материаллари (линолеум, плёнка, гилам қопламалар ва бошқалар) ҳамда метрлаб сотиладиган бошқа товарлар; тикувчилик ва трикотаж буюмлари (тикувчилик буюмлари ва трикотаж ички кийимлар, пайпоқ ва қўлқоп буюмлари); полимер материаллардан тайёрланган, озиқ-овқат материаллари билан боғлиқ бўлган, шу жумладан бир марта фойдаланиладиган буюм ва материаллар (ошхона ва кухня идиш-товоқлари ва анжомлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш учун идишлар ва ўров материаллари); маиший кимё товарлари, пестицидлар ва агрохимикатлар; мебель (мебель гарнитурлари ва тўпламлари); қимматбаҳо тошлардан фойдаланган ҳолда қимматбаҳо металлардан тайёрланган, ярим қимматбаҳо ва синтетик тошлардан фойдаланган ҳолда қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар, силлиқланган қимматбаҳо тошлар; автомобиллар ва мотовелотоварлар, уларга тиркамалар ва номерли агрегатлар; қишлоқ хўжалиги ишлари учун кичик механизация кўчма воситалари; сайр қилиш қайиқлари ва бошқа маиший сузиш воситалари каби ноозиқ-овқат товарлари киритилган.


Қонунга кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган товарда нуқсонлар бўлса, уни таъмирлаб бериш давомида истеъмолчига фойдаланиб туриш айни шундай товар бериб турилиши керак экан. Бу ҳолат ҳамма товарлар учун ҳам тадбиқ қилинадими? 

                                       Ўтанбоева Холидахон, Фарғона тумани

Жавоб: “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига асосан, узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарда нуқсонлар бўлса, уни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилиши белгилаб қўйилган. Мазкур талаблар татбиқ этилмайдиган узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, Ўз. Рес. ВМ томонидан 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 2-иловасида, Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати келтирилган бўлиб, ушбу қоида қуйидаги товарларга нисбатан тадбиқ этилади: автомобиллар, мотоцикллар ва мототехниканинг бошқа турлари, уларга тиркамалар ва номерли агрегатлар (ногиронлар фойдаланиши учун мўлжалланган товарлар, сайр қилиш қайиқлари ва сузиш воситаларидан ташқари); Мебель; Пардоз буюмлари сифатида ва тиббий мақсадларда фойдаланиладиган маиший электр приборлари (электрбритвалар, электрофенлар, сочни жингалак қилиш учун электрқисқичлар, тиббий электррефлекторлар, электргрелкалар, электрбинтлар, электрпледлар, электродеяллар); Маҳсулотларни термик қайта ишлаш ва овқат тайёрлаш учун фойдаланиладиган маиший электр приборлари (маиший СВЧ печлари, электрпечлар, тостерлар, электр сув қайнатгичлар, электрчайниклар, электриситгичлар ва бошқа товарлар).


Зарур сифатда бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотини алмаштириб олишнинг муддатлари тўғрисида маълумот берсангиз. 

Эсонов Фахриддин, Фарғона тумани

Жавоб: Ўзига зарур сифатга эга бўлмаган озиқ-овқат товарлари сотилган харидор 24 соат мобайнида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

айнан шундай маркадаги (модел, артикулдаги) товарга алмаштиришни;

харид нархини тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқа марка (модел, артикул)даги айнан шундай товарга алмаштиришни;

харид нархи мутаносиб равишда камайтирилишини;

товарнинг нуқсонлари дарҳол бепул бартараф этилишини;

товарнинг нуқсонларини бартараф этиш харажатлари қопланишини талаб этишга ҳақлидир.

Бунда харидор зарур сифатга эга бўлмаган товар сотилганлиги оқибатида ўзига етказилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.


Кўпгина савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига кириб бораётганимизда кириш қисмида турли хилдаги пешлавҳаларга кўзимиз тушади. Айримлар корхонанинг номини ўзини ёзиб қўйишган, айримлар иш вақтларини ҳам қўшишган, яна кимдир бошқачароқ. Айтингчи, қонунда ана шу пешлавҳаларга қандай талаблар қўйилган?

Хошимов Соибжон, Фарғона шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғисида”ги қонунининг 5-моддасида:

“Ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим” деб;

“Сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт. Бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозим” деб белгилаб қўйилган.

Демак, юқоридагилардан келиб чиқилса, Сиз томонингиздан айтиб ўтилган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг кириш қисмига жойлаштириладиган пешлавҳада мазкур ташкилотнинг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган бўлиши шарт.


Айрим импорт товарларини республикамизга олиб келингандан сўнг, орадан 1 йил ўтгач сотишга йўл қўйилмайди деб эшитдим, шу ҳақида тўлиқроқ маълумот  берсангиз.

Ҳошимжонов Фазлиддин, Марғилон шаҳри

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғисида”ги қонунининг 9-моддасида:

“Олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади”, деб белгилаб қўйилган. Шу асосларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 3-иловасида “Товарларнинг олиб кирилишини ва божхона божлари амалда тўланганлигини тасдиқлайдиган божхона декларацияси расмийлаштиилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин сотувга қўйилиши ва чакана савдода сотилишига йўл қўйилмайдиган тайёр импорт истеъмол товарлари рўйхати” келтириб ўтилган. Унга кўра:

  1. Тикувчилик буюмлари, устки трикотаж, ички трикотаж, спорт трикотажи, пайпоқлар;
  2. Тюл-гардин полотноси ва ундан тикилган буюмлар;
  3. Кўрпа-тўшак ғилофлари, пахмоқ сочиқлар, чойшаблар;
  4. Чарм пойабзал;
  5. Телевизорлар;
  6. Совутгичлар;
  7. Кондиционерлар;
  8. Электр дазмоллар шу каби товарлар жумласига киритилган.

Шу сабабли мазкур турдаги импорт товарларини сотиб олаётганда уни республикамизга олиб кирилган вақтини ҳам назардан четда қолдирмаслигингизни сўраймиз.


Савдо объектларида фойдаланилаётган тарозиларга қўйиладиган талаблар тўғрисида тушунтириш берсангиз.

Эркабоев Дониёр, Қўқон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғисида”ги қонунининг 8-моддасида “Истеъмолчининг савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари соҳасида шартнома тузиш ҳамда сотиб олинаётган товар (иш, хизмат) сифатини текшириш ҳуқуқи” кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 8-9-бандларида:

Барча ўлчов воситалари, оғирликни ўлчаш приборлари «Ўзстандарт» агентлиги органларининг текшириш тўғрисидаги кўзга яққол ташланадиган ишонч тамғасига ёки гувоҳномасига эга бўлиши кераклиги, улар белгиланган мақсадида қўлланилиши ҳамда ўлчовларнинг бирлиги ва ишончлилигини таъминлаши ҳамда тегишли паспортга эга бўлиши кераклиги, носоз ва қўллашга рухсат берилмаган ўлчов воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши, тарозилар ва бошқа ўлчов приборлари сотувчи-ходимларнинг иш жойларида харидорлар товарни тортиш ва беришнинг бутун жараёнини кўрадиган қилиб ўрнатилиши кераклиги, тарозиларни пештахтанинг фасадига томон бурчак остида ўрнатиш, уларнинг олдини товарлар, дарпардалар, инвентарь ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланиши, тарозилар ҳар хил тебранишлар ва зириллашларга учрамайдиган мустаҳкам, барқарор горизонтал жойга ўрнатилиши, савдо залларида харидорларга қулай жойда назорат тарозилари ва бошқа ўлчов приборлари ўрнатилган бўлиши кераклиги тўғрисидаги шартлар белгилаб қўйилган.


Биз сотиб олган товаримизда нуқсонлар бўлса, ўз эътирозларимизни билдириб, қонуний ҳуқуқларимизни талаб қилишимиз жараёнида сотувчига касса чекини кўрсатишимиз шартми?

Мадаминов Зухриддин, Олтиариқ тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасида “Истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари” кўрсатиб ўтилган бўлиб, истеъмолчи ўз талабларини сотувчига қўйиши, истеъмолчининг талаблари у касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатни тақдим этган тақдирда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

Ҳурматли истеъмолчилар, шу сабабли, савдони амалга оширган жараёнингизда касса ёки товар чекини олишни унутмаслигингизни, зарур ҳолларда, ҳатто талаб қилиб олишдан тортинмаслигингизни эслатиб ўтамиз.


Тилла тақинчоқларни сотувчилар томонидан қайтариб олинмайди ёки алмаштирилмайди, деб эшитдим, шу саволга аниқроқ жавоб берсангиз.

Бойқўзиев Маъруфжон, Фарғона шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 18-моддасида “Истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб олиш ҳуқуқи” кўрсатиб ўтилиб, алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланиши кўрсатиб ўтилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига асосан юқоридаги саволда келтирилган товарлар қайтариб олинмайдиган ва шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган товарлар рўйхатига киритилганбўлиб, Қоидаларнинг 99-100-бандларида:

Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар алмаштирилмайди ва қайтариб олинмайди, уларда чакана савдо корхонаси томонидан қайд этилмаган нуқсонлар (зиракка тошлар, илгакларнинг, билакузукка шарнирли бирикмаларнинг сифатсиз маҳкамланганлиги, ёрлиқлар, ушалган жойлар, тирналган жойлар, ғудурлар ва бошқа нуқсонлар) аниқланган, давлат проба тамғаси муҳрининг заргарлик қотишмаси амалдаги пробасига, буюм хусусиятининг пломбаланган ёрлиқ маълумотларига мос келмаслиги бундан мустасно деб кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларда чакана савдо корхонаси томонидан қайд қилинмаган нуқсонлар аниқланган тақдирда харидор уларни харид қилинган кундан бошлаб 6 ой ичида харид нархи тегишлича қайта ҳисобланган ҳолда ана шундай буюмларга ёки бошқа буюмларга алмаштириш ҳуқуқига эга бўлади ёхуд улардаги нуқсонлар текин бартараф этилиши ёки харид нархи мутаносиб равишда камайтирилиши керак бўлади, харидор шунингдек зарар қопланган ҳолда олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳам ҳақли бўлади. Харидорнинг кўрсатиб ўтилган талаблари товар чеки тақдим этилгандан кейин кўриб чиқилади.


Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, пардоз-андоз товарларини сотувчиларга нисбатан қандай талаблар қўйилади?

Гуландом Хикматова, Фарғона шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 13-бўлими 171-174-бандларида, атторлик-пардоз товарлари тўғрисидаги маълумотларда ушбу Қоидаларнинг 14 ва 15-бандларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари, муайян товар хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унинг қандай мақсадда ишлатилиши, буюм таркибига кирувчи ингредиентлар, таъсири ва самараси, қўлланиш учун чеклашлар (ишлатиш мумкин бўлмаган ҳолатлар), қўлланиш усуллари ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши кераклиги, атторлик-пардоз товарлари савдо залига қўйилгунгача очилиши ва кўрикдан ўтказилиши, ҳар қайси товарнинг (ташқи белгилари бўйича) сифати ҳамда унинг тўғрисидаги зарур маълумотлар мавжудлиги текширилиши лозимлиги, харидорга атирлар, одеколонлар, пардоз сувининг ҳиди билан танишиш имконияти, бунинг учун хушбуй суюқлик шимдирилган лакмус қоғозчалари, товарларни тайёрловчилар томонидан бериладиган ҳидлаш учун намуналар, шунингдек сотувга қўйилган товарларнинг бошқа хоссалари ва тавсифлари билан танишиш имконияти яратилиши, товарлар целлофан ёки фирма лентаси билан ўралган ҳолда берилган тақдирда харидорга ўрамдаги буюмни целлофан ёки фирма лентасини ечиш йўли билан текшириб кўриш тавсия қилиниши кераклиги, товарнинг аэрозоль идишининг соз ҳолатдалиги товар сотувчи томонидан харидор иштирокида текширилиши каби талаблар белгилаб қўйилган.


Амалдаги қонунга кўра, истеъмолчи бу – фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро эканлиги белгилаб қўйилган. Агар мен банкка омонатга пул қўйсам, бу билан пулимни янада кўпайтиришни кўзлайман, яъни қандайдир фойдани кўзлайман. Мен шу ҳолатда ҳам истеъмолчи ҳисобланаманми ёки йўқми?

Жавоб: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида “Молиявий хизматлар кўрсатиш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” масалалари ёритиб берилган.

Молиявий хизматлар жумласига банклар томонидан фуқароларни унга қўйган омонатларини сақлаш борасидаги хизматлар, қимматли қоғозларни эмиссия қилган эмитентлар томонидан қимматли қоғоз эгаларига қилинадиган хизматлар, шунингдек турли лоторея, тотализатор ва бошқа ўйин ташкилотчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар киради.

Истеъмолчи банкка қўйилган омонатлари юзасидан омонатчи сифатида иштирок этишида унинг фойда олишни мақсад қилиб олгани истеъмолчи тушунчасига зид бўлса-да, унинг ушбу банк томонидан кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланишда истеъмолчи бўлиб ҳисобланиши назарда тутилади. Демак, сиз ушбу ҳолатда истеъмолчи ҳисобланасиз.

Шунинг билан биргаликда, имкониятдан фойдаланиб, истеъмолчиларимизга банк муассасаларига қўяётган омонатларингиз Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрель кунидаги  “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонуни билан ҳам тўлиқ ҳимояланганлигини эслатиб ўтамиз.


Ўз истеъмолчилик ҳуқуқларимизни бузилиши бўйича судларга мурожаат қилиш тартиблари тўғрисида тушунтириш берсангиз. 

Отақўзиев Абдуқаххор, Укўприк тумани

Жавоб: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш” деб номланиб, унга кўра истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, у судга мурожаат қилишга ҳақлилиги, даъволар, агар қонунларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жавобгар жойлашган жойдаги ёки истеъмолчи жойлашган ердаги ёхуд зарар етказилган жойдаги судга тақдим этилишиш белгилаб қўйилган.

Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек, товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши, уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.

Истеъмолчилар ҳуқуқлари масалаларига оид ишлар Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилади.


Сотувчидан нуқсонли товарни алмаштириб олиш билан мақбул сифатли товарни алмаштириб олиш ўртасида ўзига хос талаблар мавжудми? Тушунтириш берсангиз.

Мадрахимов Шавкатжон, Марғилон шаҳри

Жавоб: Қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

Агар истеъмолчи ушбу муддат ўтгач товарни алмаштириб беришни талаб қилса сотувчи унга рад жавобини беришга ҳақли. Бундан ташқари истеъмолчи алмаштириб беришга олиб келган товар айнан сотувчидан харид қилинган ҳамда барчага маълум товарни сақлаш қоидаларига амал қилинган ҳолда яхши сақланган бўлиши лозим. Товарни белгиланган талаблар даражада сақламаган истеъмолчи уни алмаштириб олиш ёки пулини қайтариб олиш ҳуқуқини йўқотади.

Нуқсонли товарга келсак. Қонуннинг 13-моддасига кўра, агар истеъмолчига нуқсонли товар сотилган бўлса, у товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида, кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида, мавсумий товарлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган муддат мобайнида нуқсонли товарни зарур сифатдаги товарга алмаштириб олиши мумкин. Буларнинг барчаси биздан товарлар сотиб олишда бепарво бўлмаслигимиз лозимлигини билдиради.


Мен сотиб олган телевизорни 1 ой давомида кўрганимдан кейин турли носозликлар келиб чиқа бошлади. Охир оқибат уни сотувчига қайтаришимга тўғри келиб турибди. Сотувчи майли мен товарни қайтариб олиб пулингизни бераман, лекин ундан шунча пайт фойдаландингиз, қолаверса унинг ташқи кўриниши ҳам бироз сифатини йўқотибди, шунинг учун сизга қайтаришим керак бўлган пулдан 15 минг сўм ушлаб қоламан, деяпти, шу тўғрими?

Жавоб: Йўқ, бу нотўғри. Зарур сифатга эга бўлмаган товарни алмаштириш ёки қайтаришда, харидор ўзи сотиб олган зарур сифатга эга бўлмаган товарни сотувчининг ҳисобидан қайтариши керак.

Товар учун тўланган пул суммасини харидорга қайтаришда сотувчи товардан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганлиги, унинг товар кўриниши йўқолганлиги ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли товарнинг қиймати пасайган суммани харидордан ушлаб қолишга ҳақли эмас.


Мен январь ойида 250 000 сўмга “Motorola” русумли телефон аппарати сотиб олдим. Кейинчалик телефонда тузатиб бўлмас нуқсон борлиги маълум бўлди. Сотувчига келсам, ҳамма телефонларнинг нархлари бироз ошиб қолганлигини маълум қилиб, ҳоҳласам, менга унинг ўрнига нархи 300 000 сўм бўлган “Nokia” русумли телефонга алмаштириб беришини, орадаги 50 000 сўм фарқни тўлашимни таклиф қилди. Шу пайтда мендаги каби “Motorola” русумли телефонларнинг ҳам нархлари ошиб 280 000 сўмдан сотилаётган экан. Сотувчига 50 000 сўм тўлашим кераклиги тўғрими?

Жавоб: Қонуннинг 17-моддасига кўра, бундай ҳисоб-китоб чоғида, алмаштирилиши керак бўлган товар нархи ошган тақдирда унинг талаб қўйилган пайтдаги нархи қўлланилади. Яъни, “Motorola” телефони      250 000 сўмга сотиб олинган эди, нуқсонли эканлиги сабабли истеъмолчи алмаштириб бериш тўғрисида талаб қўйди, талаб қўйилган пайтда унинг нархи 280 000 сўм қилиб белгиланган ҳолда турган эди. Алмаштиришга таклиф қилинаётган “Nokia” русумли телефоннинг нархи эса  300 000 сўм. Демак, ушбу ҳолатда истеъмолчи сотувчига 50 000 сўм эмас, орадаги 20 000 сўм фарқни тўлаб беради.


Мен соч қуритиш учун ишлатиладиган Фен сотиб олиш учун савдо расталарини айланиб юргандим. Менга бир фен маъқул келди, сотувчидан “Бунинг кафолат муддати қанча?” деб сўрасам, “Гарантия беролмайман, майли айтайлик, бир кун” деди. Ахир биз бу каби товарлардан узоқ муддат фойдаланмизку? Нима, бу дегани 10 кун ёки 2 ойдан кейин бузилиб қолса, биз товарнинг нуқсонлари бўйича эътироз билдира олмаймизми?

Жавоб: Қонуннинг 13-моддасига асосан, Агар нуқсонлар товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида; кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида аниқланган бўлса, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Чакана савдо қоидалари”нинг 33-бандига мувофиқ, агар товарга кафолат муддати ёки яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса, товарнинг нуқсонлари билан боғлиқ бўлган талаблар харидор томонидан нуқсонлар мақбул муддатда, бироқ товар харидорга берилган кундан бошлаб олти ой мобайнида ёхуд шартномада белгиланган узоқроқ муддат давомида аниқланиши шарти билан берилиши мумкин, деб белгилаб қўйилган.

Демак, сиз мазкур фенни сотиб олсангиз, ундаги турли нуқсонлар юзасидан 6 ой давомида ўз қонуний талабларингизни рўёбга чиқаришингиз мумкин.


Мен ўзим томонимдан сотиб олинган товардаги нуқсонларни бартараф этиш ёки товар учун тўлаган пулимни қайтариш тўғрисидаги даъво хатини қандай тузаман ва кимга тақдим қилишим керак?

Абдурахмонов Шавкатжон, Данғара тумани

Жавоб: Сиз сотувчи ёки ишлаб чиқарувчига берадиган даъвони, ўз ихтиёрингизга қараб тузасиз. Сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи уни қабул қилиши шарт. Даъво икки нусхада ёзилади. Қонунга мувофиқ, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) ўзининг корхонаси, жойлашган манзили, телефони ва раҳбарининг исми тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шарт.

Даъвода Сиз, содир бўлган ҳолатни ва ўз талабингингизни қисқача таърифлайсиз, қонунчиликнинг бузилган нормаларини ва талабни бажариш муддатини кўрсатасиз. Даъвони бериш, Сизни мавжуд муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилганингиздан далолат беради. Даъвода, уни тақдим қилинган вақт аниқ кўрсатилади ва Сизни талабларингизни тасдиқловчи барча ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

Даъво икки нусхада тузилади. Бунда, унинг битта нусхаси сотувчига ёки ишлаб чиқарувчига берилади, иккинчи нусха эса, биринчи нусхани олган шахснинг олганлигини тасдикдовчи имзоси қўйилган ҳолда ўзингизда қолади. Агар, сотувчи талабни бажаришдан бош тортса, у ҳолда, даъво билдириш хати билан унинг манзилига юборилади. Товар, даъво билан бирга уни сотган ёки ишлаб чиқарган тадбиркорлик субъектига юборилади. Агарда, у даъвода кўрсатилган талабларни бажармаса ёки бажаришга киришмаса, у ҳолда, Сиз ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш ва етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш юзасидан судга даъво қилишга ҳақлисиз.

Шу ўринда, Сизга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг туман (шаҳар) жамиятларига мурожаат қилишингиз мумкинлигини ва у ерда даъво хатини тузиш юзасидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олишингиз мумкинлигини ҳам эслатиб ўтамиз.


Беморлар истеъмолчи сифатида қандай ҳуқуқларга эгалиги тўғрисида тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Ахмедов Имомали, Данғара тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, бемор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳурмат ва мехр-мурувват кўрсатишларига;
  • шифокор ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш;
  • санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилинишга;
  • Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган тартибда, ўз илтимосига кўра, бошқа мутахассисларнинг консилиум қилишига ва улардан маслахатлар олишга;
  • тиббий ёрдам cўpaб мурожаат қилганлиги, соғлигининг холати, қўйидаги ташхис тўғрсидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сакланишига;
  • тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этишга;
  • ўз ҳуқуқ ва бурчлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг холатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда берса бўладиган шахсларни танлашга;
  • ихтиёрий тиббий суғурта доирасида, тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланишга;
  • тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда, кўрилган зарарни қолган ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишига;
  • ҳуқуқий ҳимоя қилиши учун хузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил қўйилишига.

Савдо залларига ўрнатилиши лозим бўлган назорат тарозилари тўғрисида тушунтириш берсангиз.

Эрматов Жўрабек, Қува тумани

Жавоб: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунини 8-моддасига асосан, истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эгалиги, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шартлиги белгилаб қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 9-10-бандларига мувофиқ, тарозилар ва бошқа ўлчов приборлари сотувчи-ходимларнинг иш жойларида харидорлар товарни тортиш ва беришнинг бутун жараёнини кўрадиган қилиб ўрнатилиши керак. Тарозиларни пештахтанинг фасадига томон бурчак остида ўрнатиш, уларнинг олдини товарлар, дарпардалар, инвентарь ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.

Тарозилар ҳар хил тебранишлар ва зириллашларга учрамайдиган мустаҳкам, барқарор горизонтал жойга ўрнатилади.

Савдо залларида харидорларга қулай жойда назорат тарозилари ва бошқа ўлчов приборлари ўрнатилган бўлиши керак.

3 ва ундан кўп иш ўринли озиқ-овқат дўконларининг савдо залларида назорат тарозилари ўрнатилиши керак. Майдони 1500 кв.м ва ундан ортиқ бўлган савдо залларида назорат тарозилари икки жойда ўрнатилади.


Айрим савдо объектларида “Сотилган товарлар қайтариб олинмайди”, қабилидаги ёзувларга кўзимиз тушиб қолади. Айтингчи, сотувчилар савдо залларига шундай ёзувларни жойлаштириш ҳуқуқига эгами?

Исмоилов Жакбарали, Фарғона тумани

Жавоб: Йўқ, сотувчилар томонидан бундай ёзувларни жойлаштириш ноқонуний ҳисобланади.

Агар савдо объекти Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида келтириб ўтилган “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ва шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига” киритилган товарлар билан савдо қилса (айтайлик, шахсий гигиена буюмлари, атторлик пардоз товарлари, мебель ва бошқалар) савдо залига “Сотилган товарлар қайтариб олинмайди” деган ёзувни эмас, балки “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловаси, яъни “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ва шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”ни истеъмолчиларнинг танишиши учун қулай бўлган жойларга осиб қўйишлари лозим. Бу билан сотувчилар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4,6,7,9 ҳамда 18-моддалари талабларини бажарилишини таъминлаган бўладилар.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай товарлар ҳукумат томонидан қайтариб олинмайдиган ва алмаштирилмайдиган товарлар рўйхатига киритилган бўлсада, товарда нуқсонлар бўлса, у алмаштирилади ва қайтариб олинади.


Мен сотиб олган мебель тўплами ичидаги диваннинг жиддий нуқсонлари бор экан. Мен мебель тўпламидаги ана шу нуқсонли диванни ўзинигина алмаштириб олиш ҳуқуқига эгаманми?

Бобоев Солижон, Фарғона тумани

Жавоб:“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига биноан, Сиз ўзингизга сотилган тўпламлар, гарнитурлар, комплектлар ва комплексларнинг мустақил таркибий қисми бўлган ва мустақил нархга эга бўлган буюмларда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирингизда, бутун тўплам, гарнитур, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлисиз. Яъни бу талаблар:

товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб олиш;

товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;

товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплатиш;

харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;

шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.


Ҳамма товарларга кафолат ёки яроқлилик муддати белгиланиши шартми? Агар товарга кафолат муддати ёки яроқлилик белгиланмаган бўлса, биз ушбу товардан фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган нуқсонлар бўйича шикоят қила олмаймизми?

Бердалиева Нозима, Фурқат тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасида узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт.

Қонуннинг 13-моддасига биноан, истеъмолчига нуқсонли товар сотилган бўлса ва мазкур товарга кафолат муддати ёки яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса, у мазкур товарлар бўйича олти ой мобайнида ўз қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқариши мумкин. Яъни, товарни худди шундай бошқа мақбул сифатли товарга алмаштириб олиш, уни бошқа товарга алмаштириб олиш, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф эттириш харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплатиш.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда уларни сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши шарт. Сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади.


Дўстим туғилган кунимга телефон аппарати совға қилди. Мен телефон аппаратини ўзим сотиб олмаган бўлсамда, қонун бўйича истеъмолчи ҳисобланаманми? Телефон аппаратида нуқсонлар юзага келса, ўз қонуний ҳуқуқларимни рўёбга чиқара оламанми?

Мақсуджон Деҳқонов, Учкўприк тумани

Жавоб: Албатта, Сиз ушбу ҳолатда истеъмолчи ҳисобланасиз. Шуни ёдда тутиш керакки, нафақат товарни (хизматни) сотиб олган фуқаро, балки ўша товар (иш, хизмат)дан фойдаланувчи ҳам истеъмолчи ҳисобланади.

Ушбу ҳолатда дўстингиз телефон аппаратини Сизга совға қилиши билан биргаликда, телефон аппаратини сотиб олинганлигини ва кафолатли хизмат кўрсатилишини тасдиқловчи кафолат талонини ҳам Сизга қўшиб топширган. Телефон аппаратининг эгаси ёки оддий сўз билан айтганда истеъмолчи сифатида энди Сиз “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган барча ҳуқуқларингизни рўёбга чиқаришингиз мумкин бўлади. Бу ҳуқуқлар қаторига агар товарда нуқсонлар бўлса, товарни худди шундай бошқа мақбул сифатли товарга алмаштириб олиш, уни бошқа товарга алмаштириб олиш, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф эттириш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплатиш, шунингдек, харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олиш бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олиш каби ҳуқуқлар киради.


Истеъмолчи ўз ҳуқуқларини қандай йўллар билан ҳимоя қилиши мумкин? У ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўраб қайси идораларга мурожаат қилиши мумкин?

Тошматов Маъруфжон, Ўзбекистон тумани

Жавоб: Бу ҳолатда истеъмолчи ўз ҳоҳишига кўра қуйидагилардан бирини танлаши мумкин бўлади:

  1. Ўз ҳуқуқларини мустақил ҳимоя қилиш. Бу ҳолатда у ўз ҳуқуқлари юзасидан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)га ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилади.
  2. Адвокат (юрист)ларга мурожаат қилиш. Бу ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқий маслаҳатлар олиш, ҳужжатлаштириш ишларида ёрдам олиш, судда уларнинг ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳолатда истеъмолчи кўрсатилган хизматлар учун хизмат кўрсатувчи томонидан белгиланган тўловларни тўлашига тўғри келади.
  3. Маҳаллий ҳокимликларга мурожаат қилиш. Бу ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқий маслаҳатлар олиш, судда уларнинг ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳолатда истеъмолчига бепул хизмат кўрсатилади.
  4. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиш. Бу ҳолатда истеъмолчи бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олиш, судда уларнинг ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳолатда истеъмолчига бепул хизмат кўрсатилади.
  5. Монополияга қарши органга мурожаат қилиш. Бу ҳолатда истеъмолчи қонун ҳужжатларини қўлланилиши юзасидан расмий тушунтиришлар олиши, ҳуқуқий маслаҳатлар олиши, судда уларнинг ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Монополияга қарши орган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатиш ваколатига эга. Бу ҳолатда истеъмолчига бепул хизмат кўрсатилади.
  6. Судга мурожаат қилиш. Суд истеъмолчининг барча талабларини тўлиқ қондириш имкониятига эга. Истеъмолчига етказилган моддий ва маънавий зиённи ундириб бера олади. Истеъмолчи ўз ҳоҳишига кўра, ўз яшаш жойидаги, жавобгар жойлашган жойдаги, зарар етказилган ердаги судга мурожаат қилиши мумкин.

Биз кундалик турмуш жараёнида савдо дўконларига киришимизга, у ердан турли товарларни харид қилиб олишимизга тўғри келади. Савдони амалга ошириш жараёнида турли хилдаги сотувчилар билан савдо-сотиқ муносабатларига киришамиз. Айтингчи, қандай ҳолларда савдо қоидалари бузилган деб ҳисобланади ва сотувчиларга қандай жавобгарлик чоралари кўрилади? Шу ҳақда кенгроқ тушунтириш берсангиз.

Юсупова Мамлакатхон, Бешариқ тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 189-бандига мувофиқ, чакана савдо қоидаларини бузганлик қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноий кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади:

нархларни асоссиз равишда ошириш;

товарлар, маҳсулотларни нотўғри ўлчаш, нотўғри тортиш ёки хизматлар кўрсатмаслик;

товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счёт) бермасдан сотиш;

харидорга товарнинг сифати, бутлиги, ўлчами, оғирлигини текшириш имконияти яратишдан бош тортиш;

харидорга узоқ муддат фойдаланиладиган сифати, ёмон товарни таъмирлаш ёки алмаштириш даврида яхши сифатли ана шундай товарни беришдан бош тортиш;

пластик карточкалардан фойдаланилган тўловни қабул қилишдан бош тортиш;

носоз ёки тамғаланмаган тортиш ва ўлчаш приборларидан фойдаланиш;

товарларнинг мажбурий рўйхатига риоя қилмаслик;

қуйидагиларга:

тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига;

назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига;

аудиовизуал асарларни сотиш;

ёнилғи-мойлаш материалларини сотиш тартибига;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш;

қуйидагиларни:

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг контрафакт нусхаларини;

сифатсиз, бут бўлмаган товарларни, кулинария буюмларини ва атайин ностандарт маҳсулотларни сотиш, шунингдек харидорга сотилган сифатсиз, бут бўлмаган товарни алмаштириб беришдан ёки пулларни қайтариб беришдан бош тортиш;

товарларни уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқловчи ёки сертификацияланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотиш;

ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида тайёрловчининг номи ва жойлашган ўрни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган товарларни сотиш;

яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш;

кимёвий моддалар қолдиқлари юқори миқдорда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиш.

товарларнинг олиб кирилишини ва божхона божлари амалда тўланганлигини тасдиқлайдиган божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин ушбу Қоидаларга 3-иловага мувофиқ рўйхат бўйича тайёр импорт истеъмол товарларини сотувга қўйиш ва чакана сотиш.


Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кенг ривожланиб бормоқда. Шу жумладан умумий овқатланиш соҳасида ҳам. Айтингчи, умумий овқатланиш корхоналарида, яъни ошхоналар, кафелар, ресторанлар ва бошқа жойларда истеъмолчилар учун қандай маълумотлар бўлиши шарт.

Усмонов Бехзод, Ўзбекистон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотлари (хизматлари)ни ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари”нинг 8-бандига мувофиқ умумий овқатланиш субъекти истеъмолчиларга ўзининг тўлиқ номи, иш режими, тавсия этиладиган маҳсулотлар, товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги зарур ва ишончли маълумотларни кўргазмали ва қулай шаклда етказиши шарт, маълумотларда тўғри танлаш имкониятини таъминлайдиган камида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

маҳсулотлар ва товарлар рўйхати;

умумий овқатланиш маҳсулотларининг тайёр таомлари порцияларининг умумий вазни (ҳажми), тавсия этилаётган ичимлик бутилкасининг сиғими ва унинг порциялари ҳажми тўғрисидаги маълумотлар;

хизматлар рўйхати ва уларни кўрсатиш шартлари;

хизматлар нархи ва уларни тўлаш шартлари.


Агар сотиб олинган товарда, айтайлик телевизорда нуқсонлар бўлса, уни бошқа сифатлисига алмаштириб олиш муддатлари тўғрисида тушунтириш берсангиз.

Бозоров Ғуломжон, Бувайда тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъморлчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасига мувофиқ, агар Сиз товарнинг, ушбу мисолимизда телевизорнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирингизда сотувчи уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) телевизорга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, Сиз талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.

Агар савдо дўконида айни шундай маркали (моделли, артикулли) телевизор бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак.

Ана шу муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди.

Сотувчи Сизнинг розилиги билан нуқсонли телевизорни бошқа маркали (моделли, артикулли) телевизорга ҳам алмаштириб бериши мумкин, бунда харид нархи тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилинади, яъни телевизор бошқа маркали (моделли, артикулли) телевизорга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган телевизор нархи унинг ўрнига берилаётган телевизор нархидан паст бўлса, Сиз нархлардаги фарқни қўшимча равишда тўлашингиз лозим бўлавди, алмаштирилиши керак бўлган телевизор нархи унинг ўрнига берилаётган телевизор нархидан юқори бўлса, Сизга нархлардаги фарқ қайтарилади


Айтингчи, тўй маросимларини ўтказиш учун банклардан қанақа кредит олишим мумкин?

Исмоилов Ҳаётжон, Бешариқ тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 6 май кунидаги “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, истеъмол кредити жисмоний шахсга (истеъмолчига) унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир. Молиявий истеъмол кредити ва товар истеъмол кредити истеъмол кредитининг шаклларидир.

Молиявий истеъмол кредити сотиб олинган товарлар (хизматлар) ҳақини тўлаш учун пул маблағлари тарзида истеъмолчига бериладиган кредит бўлиб, банклар ёки бошқа кредит ташкилотлари молиявий истеъмол кредити берувчи ташкилотлар ҳисобланади.

Истеъмол кредити ўз фаолияти натижасида олинган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга эга бўлган жисмоний шахсларга берилади.

Демак, Сиз, фаолиятингиз натижасида олаётган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга эга бўлсангиз тижорат банкларига мурожаат қилган ҳолда, тўй маросимларини ўтказиш учун истеъмол кредити олишингиз мумкин. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Ипотека банки сайтидан олинган маълумотларга кўра, тўй маросимлари тантаналарини ўтказиш учун 3 йилгача бўлган муддатга, тўловлилик, муддатлилик ва таъминланганлик шартлари билан энг кам иш ҳақининг 200 баробаригача миқдорларда истеъмол кредити ажратилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Шунинг билан биргаликда, истеъмолчиларимиз қўшимча маълумотларни мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тижорат банкларининг интернет сайтларига кириб билиб олишлари мумкинлигини ҳам эслатиб ўтамиз.


Нон ва нон-булка маҳсулотларини сотишда сотувчиларга қандай талаблар қўйилади?

Алижонова Фарида, Фурқат тумани

Жавоб: “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”га кўра, нон ва нон-булка маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи савдо корхоналарида белгиланган иш соатларида ассортимент рўйхатида назарда тутилган ассортиментдаги нон ва нон-булка маҳсулотлари бўлиши лозим. Ихтисослаштирилган нон дўконининг савдо залида ёки нон маҳсулоти савдосини амалга оширувчи бўлимда кўринарли жойга маҳсулотнинг тайёрловчилари, олиб келиш жадваллари, нон маҳсулотларини сотиш муддатлари, парҳезбоп нон маҳсулотлари ва янги турдаги маҳсулотларнинг хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим. Нон сотиш ва сақлаш учун мўлжалланган жой қуруқ ва шамоллатиб туриладиган бўлиши керак. Нон ва нон-булка маҳсулотлари сотувчи савдо объектлари махсус анжомлар (вилкалар, пичоқлар, ажратувчи тахталар, стеллажлар, полкаларни нон ушоқларидан тозалаш учун чўтка ва бошқалар) билан жиҳозланган бўлиши керак. Савдо объектида дезинфекцияловчи воситалар бўлиши шарт.

Нон ва нон-булка маҳсулотларини қабул қилишда сотувчи маҳсулот сифатини органолептик кўрсаткичлар бўйича, ҳар бир маҳсулот вазнининг маҳсулотнинг аниқ тури учун амалда бўлган норматив ҳужжатларга мувофиқлигини текшириши лозим. Бузилишлар аниқланган тақдирда маҳсулот тайёрловчига қайтарилади.

Етказиб берувчининг илова ҳужжатида ушбу товарлар тўғрисида «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 6-моддаларида назарда тутилган тўлиқ маълумотлар бўлиши лозим. Нон ва нон-булка маҳсулотлари фақат нон маҳсулотлари ташишга мўлжалланган ихтисослаштирилган автомашиналарда ташилади.

Амалдаги стандартлар, техник шартлар талабларига мувофиқ бўлмаган, шунингдек нотўғри сақлаш туфайли бузилганлик белгилари бўлган нон, нон-булка маҳсулотларини сотиш тақиқланади.

Нон маҳсулотлари савдо объектларида нотўғри сақланганлиги туфайли бузилган тақдирда бунинг учун савдо объектлари жавоб беради.

Нон белгиланган стандартлар талабларига ва/ёки ишлаб чиқарувчининг техник шартларига мувофиқ сақланади. Харидорларга нон ва нон-булка маҳсулотлари, махсус анжом қўлланилмаган тақдирда, махсус қўлқоплар (полиэтилен қўлқоплар ёки бошқа қўлқоплар) воситасида берилиши мумкин. Сифатсиз (ғарч-ғурч қилган, куйган, ичи бўш, яхши қорилмаган, бошқа нарсалар аралашган) нон ёки нон маҳсулотлари сотилган тақдирда сотувчи-ходимлар харидор талабига кўра уларни сифатлисига сўзсиз алмаштириб беришлари ёки пулини қайтаришлари керак. Харидорлар томонидан қайтариб берилган нон ва нон-булка маҳсулотлари санитария жиҳатидан яроқсиз ҳисобланади.

Нон маҳсулотлари зарур сифатга эга бўлмаган тақдирда сотиш муддатлари доирасида алмаштирилади.


Кўпчилигимиз тузланган карам, бодринг ва помидор каби маҳсулотларни истеъмол қилишни ёқтирамиз. Айтингчи, ушбу масҳулотларни сотувчилар нималарга эътибор қаратишлари лозим?

Наргиза Жуманалиева, Учкўприк тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сонли қарори билан тасдиқланган чакана савдо қоидаларига мувофиқ, тузланган карам, тузланган ва сиркаланган бодринг ва помидор маҳсулотларини сотувчиларга чакана савдони амалга оширишнинг умум эътироф этилган талаблари билан биргаликда қуйидаги талабларга риоя қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган. Хусусан, тузланган карам, тузланган ва сиркаланган бодринг ва помидорлар ёғоч бочкаларда, бидонларда полда, шиша идишда — сўкчакларда ёки яшикларда, полиэтилен қопчаларда-яшикларда: карам — 0 дан — 20С гача, бодринг ва помидор — 1 дан +4оС гача ҳароратда, совутиладиган хоналар бўлмаган тақдирда омборларда +120С дан ошмайдиган ҳароратда тунги вақтда мажбурий шамоллатишни қўллаган ҳолда кўпи билан икки кеча-кундуз сақланади.

Тузланган карам, тузланган ва сиркаланган қўзиқорин амалдаги стандартлар ёки техник шартларга мувофиқ фоиз нисбатларидаги шарбат, тузли ва сиркали сув билан бирга сотилади.

Бошқа тузланган ва сиркаланган мева-сабзавот товарларини сотишда суюқлик товар тортиб бўлингандан сўнг харидор илтимосига кўра қўшилади.

Юқорида кўрсатилган маҳсулотларни сотишда махсус анжомлар (қошиқ, вилка, куракчалар) қўлланилади.


Савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида “Истеъмолчи бурчакларини” ташкил қилиниши лозим деб эшитгандим. У қандай ташкил қилинади, унда қандай маълумотлар бўлиши керак?

Умматов Шуҳрат, Ўзбекистон тумани

Жавоб:  Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасига мувофиқ, сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт. Бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозим. Мазкур маълумот савдо ва хизмат кўрсатиш муваққат бинолар, ярмаркалар, кўчма дўкончалар орқали амалга оширилган ёки савдо ва хизмат кўрсатиш сотувчи (ижрочи)нинг доимий жойлашган манзилидан ташқарида амалга оширилган бошқа ҳолларда ҳам истеъмолчилар эътиборига етказилиши керак.

Айтайлик, шаҳримиздаги турғун савдо шаҳобчасига эга бўлган “Фарғона 2001” фирмаси Деҳқон бозорида ташкил қилинган савдо ярмаркасида ўз шаҳобчасини очди. Демак, қонун талабларига мувофиқ мазкур шаҳобча ўзининг “Фарғона 2001” фирмасига қарашли шаҳобча эканлигини, унинг юридик манзилгоҳини ва иш тартибини ўзида акс эттирган лавҳа тайёрлаб, истеъмолчилар эътиборига осиб қўйиши лозим.

Энди “Истеъмолчи бурчаклари” хусусида. Қонуннинг 5-моддаси 4-хатбошисида сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган. Айтайлик, “Фарғона 2001” фирмаси мебеллар савдосини амалга оширади. Демак, унинг томонидан ташкил қилинган “Истеъмолчи бурчаги”га Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1 ва 2-иловалари истеъмолчилар танишиши учун қулай қилиб қўйиб қўйилиши лозим. Чунки мебель ҳукуматимиз томонидан чакана савдо қоидаларининг 1-иловасига асосан “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”га, мазкур қоидаларнинг 2-иловасига асосан эса “Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби тадбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати”га киритилган. Истеъмолчи эса мазкур маълумотлардан олдиндан хабардор бўлиши ёки товарни сотиб олаётган вақтда уни бу ҳақда огоҳлантирилиши лозимдир. Худди шунингдек, “Истеъмолчи бурчаклари”да истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идораларининг “Ишонч телефони” рақамлари тўғрисидаги маълумотларнинг бўлиши ҳам мақсадга мувофиқдир.


Умумий овқатланиш корхоналарида мижозлар билан ҳисоб-китоб қандай усулларда амалга оширилади? Тушунтириш берсангиз.

Рахмонов Мухаммадали, Бувайда тумани

Жавоб: “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш масҳулотларини (хизматлрини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари”нинг 14-бандига асосан, умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъект овқат учун ҳисоб-китобларнинг олдиндан тўлаш, таомлар танлангандан кейин тўлаш, овқатланиб бўлгандан кейин тўлаш, ўзи ҳисоблаш каби турли усулларидан фойдаланиши мумкин. Овқат учун ҳисоб-китоблар шакллари хизмат кўрсатиш методига, хизмат кўрсатиладиган мижоз спецификасига, объект турига ва унинг ихтисослашганлигига кўра белгиланади.

Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш усули бўйича ишлайдиган умумий овқатланиш объектларида ва кулинария дўконларида (бўлимларида) ҳисоб-китоб вақтида истеъмолчига касса чеки берилади.

Хизмат кўрсатиш официантлар томонидан амалга ошириладиган барча умумий овқатланиш объектларида берилган маҳсулот учун ҳақ тўлаш официант берган счёт ёки белгиланган намунадаги назорат-касса машиналари чеки бўйича амалга оширилади.

Барча умумий овқатланиш объектларида банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги таъминланиши керак.

Доимий мижозларга (ишчилар, хизматчилар, талабалар, ўқувчилар ва шу кабиларга хизмат кўрсатадиган ошхоналарда ҳисоб-китоб якка тартибдаги ёки гуруҳ абонементлари бўйича амалга оширилиши мумкин.


Мен кир ювиш машинаси сотиб олгандим. Лекин уни ҳеч қанча ишлата олмадим. Унда нуқсонлар бор экан. Сотувчига бу ҳақда айтиб, кир ювиш машинасини бошқа сифатлисига алмаштириб беришини айтсам, у алмаштириб бермаслигини, устахонада бепул таъмирлатиб беришини айтмоқда. У ҳақми?

Илхомжон Тошматов, Фарғона шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, мазкур модда нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли деб бошланади, ва қуйидагилар санаб ўтилади:

биринчи, товарни айни шундай маркали мақбул сифатли товарга алмаштириб беришни талаб қилиш,

иккинчи, бошқа маркали шундай товарга алмаштириб беришни талаб қилиш,

учинчи, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этилишини ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қопланишини талаб қилиш,

тўртинчи, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтирилишини талаб қилиш,

бешинчи, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қопланишини талаб қилиш.

Демак, қонунга кўра, санаб ўтилганлардан қайси бирини танлаш сотувчининг эмас, истеъмолчининг ҳоҳишига қараб белгиланади. Савол эгаси кир ювиш машинасини бепул таъмирлаб беришни эмас, балки уни бошқа мақбул сифатлисига алмаштирилишини талаб қилмоқда. Демак, бу ерда сотувчи эса ноҳақдир. Мазкур қонуннинг 14-моддасига кўра, сотувчи ушбу ҳолатда, истеъмолчининг талабига кўра, кир ювиш машинасини худди шундай маркалисига етти кунлик муддатда, товар сифатини қўшимча равишда текшириш зарур бўлганда эса йигирма кунлик муддатда алмаштириб бермоғи лозимдир.


Мен сотиб олган телевизорда нуқсонлар пайдо бўлгач, бу ҳақда сотувчига шикоят қилдим. Сотувчи товар сифати учун у жавоб бермаслигини, бу ҳақда сервис устахонасига мурожаат қилишим кераклигини, агар устахона хизмат ҳақини берсам, улар нуқсонларни бартараф этиб беришларини айтаяпти. Унинг гаплари тўғрими?

Ҳамралиева Ойшахон, Қувасой шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига кўра, истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириш, нуқсонларни бартараф этиш, шартномани бекор қилиш талаблари сотувчига нисбатан қўйилади. Мазкур қонуннинг 15-моддасига асосан эса, сотувчи нуқсонларни истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим. Демак, ушбу ҳолатда истеъмолчи нуқсонли товарни ўзининг қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этилишини сўралган даъво хати билан биргаликда сотувчига топширади. Сотувчи эса йигирма кунлик муддатда мазкур нуқсонли товардаги нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўради.


Мен машҳур фирмалардан бирининг номи остида ишлаб чиқарилган телевизор сотиб олгандим. Афсуски, унда нуқсонлар бор экан. Сотувчи телевизорни бепул таъмирлатиб беришини, лекин бунга бир-икки ҳафта вақт кетиши мумкинлигини айтмоқда. Энди биз 10-15 кун телевизор кўришдан бебаҳра қолар эканмизда?

Нишонов Ислом, Фарғона тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 15-моддасига асосан, товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим.

Бироқ истеъмолчининг талабига биноан, узоқ муддат фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун нуқонли товар қайтариб берилгандан сўнг уч кун ичида унга шундай маркали товар бериб турилиши ҳам қонунда кўрсатиб ўтилган. Агар бизга савол йўллаган фуқаро, мазкур талабни сотувчига қўйса, сотувчи ёки унинг вакили ўз ҳисобларидан телевизорни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун худди шундай маркади телевизорни истеъмолчининг хонадаонига элтиб беришлари керак бўлади.


Ўзим томонимдан сотиб олинган товарда кейинчалик нуқсонлар борлиги маълум бўлиб қолди. Сотувчига бу ҳақда шикоят қилиб, даъво хати билан биргаликда нуқсонли товарни топширдим. Лекин мана 1 ойдирки, у ҳали товарни алмаштириб бергани йўқ. Унинг шунча пайт чўзиб юришга ҳаққи борми?  

Бобоев Солижон, Фарғона тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасига асосан, сотувчи уни айни шундай маркали товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт. Айни шундай маркали товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак. Ана шу муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди. Агар юқоридаги ҳолатда сотувчи товар сифатини қўшимча равишда текшириш бўйича ҳаракатларни амалга оширмаган бўлса, етти кундан сўнг, агар товар сифатини қўшимча равишда текшириш ишларини ўтказган бўлсаю, ўзида худди шундай товар бўла туриб нуқсонли товарни алмаштириш чораларини кўрмаётган бўлса, йигирма кундан сўнг товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) ҳисобланиб боради ва истеъмолчига нуқмонли товарни алмаштириб бериш билан бир қақтда бу сумма тўланиши керак бўлади.


Эшитишимга қараганда узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчига худди шундай товар бериб турилиши мумкин экан. Агар сотувчи бу талабларни бажармаса нима бўлади?

Рахмонова Гулчеҳра, Қува тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасида узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади, сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, сотувчи истеъмолчининг таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиш учун шундай товарни бериб туриш ҳақидаги талабини бажариш кечиктирилган ҳар бир кун учун, шунингдек, нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлашлиги ҳам кўрсатиб ўтилган. Дейлик, сотувчи Сиз томонингиздан топширилган нуқсонли товарни 20 кун давомида таъмирлаш чоралари кўрди, лекин сотувчи Сизнинг таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиш учун шундай товарни бериб туриш ҳақидаги талабингизни бажармади. Бу ҳолатда, сотувчи 20 кундан сўнг, Сизга нуқсонлари бартараф этилган товарни топшириш билан бир вақтда, жами бўлиб, 17 кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) ҳам тўлайди.


Қўшни шаҳардан сотиб олиб келган музлатгични 1 ой ҳам ишлатмадим. Нуқсонлари бор экан. Айтингчи, энди мен бирорта машина ёллаб, бу товарни яна шунча ҳаражат қилиб сотувчига олиб боришим, агар у бирор устахонага жўнатса яна шунча ҳаражат қилиб устахонага олиб бораманми? 

Мелибоева Гулжамол, Қувасой шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилган тақдирда у билан ҳисоб-китоб қилиш шартлари кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда товарни элтиш ва қайтариб олиб келиш истеъмолчи томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) қоплаши шарт, деб белгилаб қўйилган.


Мен сотиб олмоқчи бўлган ноубтукка сотувчи томонидан 1 йил кафолат берилмоқда. Лекин сотувчи ноутбукнинг аккумуляторияга кафолат бера олмайман, демоқда. Сотувчининг ҳаракатлари тўғрими?

Саидқодирова Соҳибахон, Қува тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасида “Ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари” белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра ишлаб чиқарувчи (ижрочи) узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга кафолат муддати белгилаши лозим. Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт. Бутловчи буюмларнинг кафолат муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, асосий буюмнинг кафолат муддатидан кам бўлмаслиги лозим. Демак, қонун талабларига кўра, юқоридаги ҳолатда ноутбукка берилаётган 1 йиллик кафолат муддати унинг аккумуляторига ҳам тааллуқли ҳисобланади.


Турмуш ўртоғим фарзандимизга деб олиб келган олиб туфли унга бироз мос келмади. Турмуш ўртоғим доим ишда банд бўлганлиги сабабли мен сотувчига мурожаат қилиб ушбу оёқ кийимини фарзандимизга мос бўлган размерига алмаштириб олсам бўладими ёки товарни алмаштириб олиш учун турмуш ўртоғимни ўзи бориши керакми?

Қодирова Барнохон, Фарғона шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 18-моддасига биноан, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақлидир. Демак, ушбу ҳолатда Сиз пойафзални харид қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида харид қилинган жойдаги сотувчидан алмаштириб олишингиз мумкин. Туфлини турмуш ўртоғингиз ёки Сиз томонингиздан товар мазкур сотувчидан сотиб олинганлигини тасдиқловчи касса ёки товар чекини тақдим қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.


Уйимдаги эшик ромларни замонавий АКФА русумли эшик ромларга алмаштиргиздим. Усталар эшик ромларни ўрнатиб кетганларидан кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай уларда турли нуқсонлар борлиги кўриниб қолди. Мен бу ҳақда усталарга ўз эътирозимни билдирдим. Улар “Хўп, камчиликларни бартараф қилиб берамиз”, деб ваъда беришди-ю, лекин орадан 15 кун вақт ўтса ҳамки улардан дарак йўқ. Айтингчи, ушбу ҳолатда, усталар эшик ромлардаги камчиликларни бартараф этиб беришларининг бирор муддатлари белгиланганми, ё мен уларни мен учун вақт ажратишларини кутиб тураверишим керакми?

Мелиқўзиев Сарварбек, Бувайда тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасига биноан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.

Бажарилган иш (кўрсатилган хизмат)даги нуқсонлар, агар шартномада бирмунча қисқароқ муддат белгиланмаган бўлса, истеъмолчи талаб қилган кундан эътиборан йигирма кун ичида ижрочи томонидан бартараф этилиши керак. Нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчига ҳар бир кечиктирилган кун учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди.


Савдо дўконидан картошка харид қилмоқчи бўлдим. Эътибор бериб қарасам сотилаётган картошкани ичида сифати яроқсиз бўлганлари ҳам бор экан. Мен сотувчига уларни ажратиб ташлашни айтдим. Лекин сотувчи ҳоҳсангиз олинг, ҳоҳламасангиз ана катта кўча қабилида жавоб қилди. Унинг бунга ҳаққи борми?

Қорабоев Равшан, Олтиариқ тумани

Жавоб: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади, деб белгилаб қўйилган. Шу асосларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 90, 91-бандларида сотувчи харидорга картошка, мева-сабзавот товарларини сотишда савдо жараёнида вужудга келган яроқсиз ва сифати паст маҳсулотларни ажратиб ташлашга мажбурлиги, сифати паст мева-сабзавот товарларини сотиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган. Демак, сотувчи ушбу ҳолатда савдо жараёнида вужудга келган яроқсиз ва сифати паст маҳсулотни ажратиб ташлаши шартдир.

Шунинг билан биргаликда, сотувчининг турли сабабларни рўкач қилиб дўконига ташриф буюрган истеъмолчига хизматлар кўрсатмаслиги мазкур қоидаларнинг 189-бандига асосан савдо қоидаларининг бузилиши ҳисобланади. Ушбу қоидаларни бузганлик эса Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.


Мен сотиб олмоқчи бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган фотоаппаратни ишлатиш бўйича йўриқномаси инглиз, немис ва француз тилларида экан. Сотувчига бу ҳақда айтсам, озгина қўшимча ҳақ эвазига таржима қилдириб бераман деди. Айтинг нима қилай, мен таржима учун пул тўлашим шартми?

Эргашев Олимжон, Қувасой шаҳри

Жавоб: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, қонуннинг 9-моддасида олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади, деб белгилаб қўйилган. Шу асосларда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 12-бўлими техник жиҳатдан мураккаб маиший товарларни сотиш хусусиятларига абиғшланагн бўлиб, ушбу бўлимнинг 169-бандида техник жиҳатдан мураккаб маиший товарларни харидорга бериш чоғида айни бир вақтда товарни тайёрловчи томонидан қўйилган буюмлар ва ҳужжатлар комплекти (сотиш санаси ва жойи кўрсатилган техник асбоб ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат, ишлатиш бўйича йўриқнома ва бошқа ҳужжатлар) ҳам берилади. Чет элда ишлаб чиқарилган товарларнинг ишлатиш бўйича йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлари харидорга давлат тилида тақдим этилади. Бунда уларнинг таржимаси учун харажат харидорлардан ундирилмайди, деб белгилаб қўйилган. Демак, юқоридаги ҳолатда сотувчи томонидан йўриқномани таржима қилиб бериш учун Сиздан пул талаб қилиши нотўғридир.