Фуқаронинг ўзга шахс қилган қоидабузарлиги учун жавоб беришини олди олинди

Фуқаронинг ўзга шахс қилган қоидабузарлиги учун жавоб беришини олди олинди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Садда” маҳалла фуқаролар йиғини А. Навоий кўчасида яшовчи М. У.нинг туман электр таъминоти корхонаси томонидан унга нисбатан асоссиз равишда далолатнома расмийлаштирилганлиги ҳолати бўйича ёзма мурожаати ўрганилди.

Фуқаро мурожаатида электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлмаган, қурилиши тугалланмаган бинода ўрнатилган DTS-541 маркали ҳисоблагич РК-электр ҳисоб дастурига кирмаганлиги ҳақида далолатномани негадир унинг номига расмийлаштирганликларини, у бу ҳақда ҳатто хабардор ҳам қилинмаганлигини, ўзининг имзосисиз (ёки холислар иштирокисиз), асоссиз равишда расмийлаштирилган мазкур далолатнома асосида унга нисбатан 2 240 000 сўм жарима суммаси ҳам чиқарилганлигини, ушбу ҳисоблагич аслида раҳбарининг фамилия исми С.А. бўлган МЧЖ га тегишли бўлганлигини келтириб ўтган. Шунингдек, бу масалага ечим топишда туман жамиятидан ёрдам сўраган.

Авваламбор, шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йил кунги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”га кўра, шу каби ҳолатларда далолатнома расмийлаштириш жараёнида жавобгар томонидан имзо қўйиш ёки изоҳ қолдиришдан бош тортилган ҳолда, далолатнома расмийлаштирувчи томон бу ҳақда қўшимча далолатнома расмийлаштириб, камида икки нафар гувоҳ имзоси ва МФЙ муҳри билан тасдиқланиши лозим. Шунингдек далолатнома, албатта, мазкур ҳолат учун жавобгар томон, ҳисоблагич учун масъул бўлган фуқаро ёки ташкилот номига расмийлаштирилади.

Туман жамияти мутахассисларининг мурожаат бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик асосида олиб борган ўрганиш ишларида ҳолатга ойдинлик киритилди. Унга кўра, расмийлаштирилган далолатнома жавобгар томон четда қолиб, бошқа шахс номига (ушбу ҳолатда М.У. номига) расмийлаштирилганлиги ўз исботини топиб, бекор қилинди. Туман электр таъминоти корхонасига етказилган 2 240 000 сўм миқдоридаги моддий зарар эса, корхона рухсатисиз электр энергиясидан фойдаланиб келган МЧЖ раҳбаридан ундириладиган бўлди. Шунингдек, ўрганиш ишлари давомида томонларга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, қоидабузарлик ҳолатларида тузиладиган далолатномаларга қўйиладиган талаблар юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.

Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment