Грузиялик ҳамкор Марғилонда ипакчилик анъаналари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди

Грузиялик ҳамкор Марғилонда ипакчилик анъаналари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди

Грузия истеъмолчилар федерацияси раиси Мадона Коидзенинг Фарғона вилоятига амалий ташрифи давом этмоқда.

Ташриф доирасида меҳмон Фарғона вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси масъуллари ҳамроҳлигида Марғилон шаҳридаги машҳур «Ёдгорлик» ипакчилик фабрикасида бўлди.

Ташриф давомида Мадона Коидзе корхонада ипакдан миллий матолар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Хусусан, ипак хомашёсини қайта ишлашдан тортиб, анъанавий тўқув дастгоҳларида мато тайёрлаш, миллий нақшлар ва безакларни акс эттириш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш босқичлари меҳмон эътиборини тортди.

Меҳмонга Марғилон ипакчилигининг кўп асрлик тарихи, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналари, миллий матоларнинг ўзига хос хусусиятлари ва корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Мазкур ташриф Фарғона вилоятининг бой маданий мероси, миллий ҳунармандчилик салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини халқаро ҳамкорга намойиш этишда муҳим аҳамият касб этди.

Зеро, бундай учрашувлар нафақат истеъмолчилар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки миллий қадриятларимиз, ҳунармандчилик анъаналаримиз ва юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилади.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin