Тўлаб қўйилиши сўралган мазмунда келган СМСлардаги қарздорлик асоссиз бўлиб чиқди
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Бирлик кўчасида яшовчи Р.З.нинг табиий газ истеъмоли масалаларида келиб чиққан муаммо юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
– Хонадоним 16.08.2023 йил кунида газ тармоғидан узиб қўйилди. Газ узилиши бўйича огоҳлантириш берилмади. Ҳисоблагич кўрсаткичи бўйича биз ҳақдормиз. Телефонимизга 5 800 000 сўм қарзингиз бор, деган СМСлар келмоқда. Масалани ҳал қилишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман, – дейди истеъмолчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаатида.
Истеъмолчи мурожаати асосида ўрганиш ишлари олиб борилиши жараёнида “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали Қўқон шаҳар бўлимига сўров хати киритилди. Мазкур ташкилотдан олинган жавоб хатида истеъмолчининг хонадонига замонавий тизимга эга АСКУГ газ ҳисоблагич ўрнатилганлиги қайд қилингани ҳолатда, негадир истемолчи томонидан табиий газ кўрсаткичини газ идорасига тақдим қилиб борилиши кераклиги, қарздорликни юзага келишига сабаб қилиб ўз вақтида кўрсаткич берилмаганлиги кўрсатиб ўтилади. Билишимизча, замонавий ҳисоблагичлардаги кўрсаткичлар онлайн тарзда қайд қилиб борилиб, ушбу тизим истеъмолчи томонидан уни бирор идорага тақдим қилиб боришга ҳожат қолдирмаслиги керак эди. Лекин жавоб хати давомида газ идораси истеъмолчининг газга оид ҳужжатларини дастурга солиштириб кўрилганда табиий газдан қўйилган асоссиз қарздорлик борлиги аниқланганлигини ҳам қўшимча қилади ва истеъмолчидан тўлаб қўйилиши сўралаётган қарздорликни ҳам асоссиз эканлигини тасдиқлайди. Ўрганиш якунлари билан барча жамланган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчига жавоб хати юборилди ва уни қийнаб келган муаммо бартараф этиб берилди.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
Қўқон шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment