Нуқсонли чиққан телефон аппарати бепул таъмирлатиб берилди
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган туманнинг Фурқат маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А. А. харид қилинган мобил қурилмани нуқсонли чиққанлигини, ушбу нуқсонни амалдаги қонунчилик талаблари асосида бепул бартараф этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Истеъмолчи мурожаатида туман ҳудудида фаолият олиб борувчи кредит савдо дўконидан 8 000 000 сўмга, товар қийматини бўлиб тўлаш шарти ва уч йиллик кафолат муддати билан, уяли телефон харид қилган. Аммо сотиб олинган телефонда бир ой ичида бир неча маротаба қизиб ўчиб ёниш ҳолатлари кузатилган. Шу аснода ишлаб келган телефон аппаратини қувватлагичга қўйган истеъмолчи унинг носозлигига яна бир бор гувоҳ бўлди. Чунки телефон экрани синиб чилпарчин бўлган эди. Юзага келган ҳолат бўйича кредит савдо дўконига қилган мурожаатига эса рад жавобини олгач, туман жамиятига ариза билан мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида уяли телефон таъмирлаш учун сервис марказига юборилганда механик шикастланганлиги ва кафолат шартининг 4-бўлим а-банди талабига кўра кафолатли таъмирга нолойиқ, деб хулоса берилди. Сервис маркази томонидан берилган хулосага қониқмаган ҳолда, сервис компаниянинг Тошкент шаҳридаги юқори турувчи ташкилоти билан мазкур масалада музокаралар олиб борилгач, телефон бепул таъмирлаб берилиб масала ижобий ҳал этилишига эришилди.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment