Истеъмолчининг ўз вақтида қайтарилмай ушлаб турилган пул маблағи суммасига фоиз ундирилди
Илгарироқ, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида Қувасой шаҳрида яшовчи М.А.нинг “Damas” русумли автомашина харид қилиш учун “Umid avto kompanies” МЧЖ билан имзолаган шартнома шартлари ўз вақтида бажарилмагани ва шу сабабли тўланган пулларини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилганлиги ҳамда ўрганиш якунлари билан МЧЖ истеъмолчига 56 469 000 сўм пулларини қайтарганлиги тўғрисида хабар бериб ўтган эдик.
Умуман олганда иш истеъмолчи фойдасига ҳал бўлган ва фуқаро ўз пулларини қайтариб олган бўлсада, ҳудудий бирлашма истеъмолчининг пулларини ўз вақтида қайтарилишини таъминлаб берилмаслиги, яъни 4 ой-у 12 кун асоссиз ушлаб турилганлиги ҳолати юзасидан судга даъво аризаси киритди. Даъво ариза Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судида кўриб чиқилиб, ҳудудий бирлашма киритган даъво аризаси қаноатлантирилди.
Суд ишни кўришда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234, 236 ва 327-моддаларига асосланиб ҳал қилув қарори чиқарди. Хусусан, кодекснинг 327-моддасига кўра, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёки бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар шартнома бўйича даъвогарга ўз вақтида машина етказиб бермаганлиги ё тўланган пулларни қайтариб бермаганлигини иноботга олиб, даъвогар М.А. фойдасига 2 902 326 сўм банк фоизи ундириладиган бўлди.
Фахриддин Бойназаров,
ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи.
Post Comment