Икки ой аввал «йўқолган» газ баллони
Жамият мутахассислари аралашуви билан бир соатда “топилди”!
Аввал хабар берганимиздек, Учкўприк туман жамияти ходимлари тизимли асосда тумандаги ташкилот, корхона, муассасаларда ташкилланган таянч гуруҳлари фаоллари билан учрашиб, давра суҳбати ва ўқув семинарлари ўтказиб келмоқда. Тадбирлар давомида иштирокчилар истеъмолчилик соҳасига оид ҳуқуқий билимларни янада мустаҳкамламоқдалар, шунинг билан биргаликда ўзларини қийнаб турган муаммолар бўйича амалий ёрдам олмоқдалар.
Шундай тадбирларнинг бирида 50-умумтаълим мактаби ёш ўқитувчиларидан бири С.Р. ийманибгина:
–Опа, сизда гапим бор эди, бир дақиқага мумкинми?, – деб сўради.
–Ҳа, ҳа бемалол, – дея жавоб қайтардим.
–Хонадонимиздаги бўшаган газ баллонимизни 2 ой олдин газ идораси ходимлари суюлтирилган газ тўлдириб бериш учун олиб кетишган эди. Ҳозиргача олиб келишгани йўқ. Турмуш ўртоғим газ баллонимизни олиб кетган масъул шахсга бориб учрашса, бизда ортиқча газ баллон йўқ, сизлар рўйхатда йўқсизлар, дейишибди. Биз ишда бўлганлигимиз боис, ёши улуғ қайнонам бўш газ баллонни топширган ва рўйхатга олганми, йўқми, билишмайди. Шу масалада ёрдам берсаларинг,–дея мурожаат қилди.
Истеъмолчининг мурожаати юзасидан ҳуқуқий ҳимоя бўйича бош мутахассис Ё. Эргашев туман газ таъминоти идораси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи М. Деҳқонов билан учрашди. М. Деҳқоновнинг саъйи-ҳаракати билан шу куннинг ўзидаёқ, истеъмолчига 2 ой аввал “йўқотилган” газ баллони “топиб берилди”.
Бизга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти бир томондан, аҳолида истеъмолчилик соҳасидаги билимларининг етарли эмаслиги, ўз ҳуқуқ ва бурчларини тўлиқ англаб етмаслиги, иккинчи томондан эса ташкилот, корхонада ишлаётган баъзи масъулларнинг ўз хизмат вазифаларига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндошаётгани оқибатида келиб чиқаётганлигини кўрсатиб бермоқда. Инсон қайси соҳада меҳнат қилмасин, ўз зиммасига юклатилган вазифасини сидқидилдан, виждонан бажарса, фуқароларнинг соддалигидан фойдаланмаса, юқоридаги каби салбий ҳолатлар келиб чиқмас эди.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Отправить комментарий