Тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди

Тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг жойлардаги таянч гурухлари аъзоларидан истеъмолчилик ҳақ ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги тўғрисида мурожаатлар бўлиб турибди. Яқинда шаҳардаги 5-оилавий поликлиника таянч гуруҳи томонидан поликлиникада ишловчи 21 нафар ишчи хизматчиларининг 2017 йил июнь ойи иш ҳақларидан тўлов топшириқномаси асосида газ идорасининг банкдаги махсус ҳисоб рақамига тўланган 1 132 900 (бир миллион бир юз ўттиз икки минг тўққиз юз) сўм миқдоридаги пул маблағларини ходимларнинг ҳар бирини газ идорасидаги шахсий ҳисоб рақамига тушириб бериш ишларини пайсалга солиб келинаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди.
Шаҳар жамияти ходимлари томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида ўтказилган маблағнинг ҳақиқатан ҳам мижозларнинг шахсий ҳисоб рақамларига келиб тушмаганлиги маълум бўлди. Ғазначилик бўлинмасида ўтказилган ўрганишлар маблағларнинг ўз вақтида газ идораси махсус ҳисоб рақамига йўналтирилганлигини, шунингдек хизмат кўрсатувчи банк томонидан ҳам ўз вақтида тегишли амалиётлар ўтказилганлиги, маблағлар газ идораси махсус ҳисоб рақамига келиб тушганлигини кўрсатди. Маълум бўлишича, ўтказилган тўловларни газ участкасининг компьютер базасига киритишга масъул бўлган шахснинг ўз вазифасига бепарволик билан қараганлиги оқибатида тўловлар базада акс этмай қолган. Орадан бир ой ўтиб ушбу ходим ишдан ҳам бўшаб кетган.
Ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликни эса газ идорасининг вилоят ҳудудий бўлими мутахассислари томонидан бартараф этилишига, натижада 21 нафар тиббиёт ходимининг истеъмолчи сифатида поймол бўлган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Абдусатторбек НЎМОНОВ
Марғилон шаҳар ИҲҲҚЖ
матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси

(юқорида иллюстратив фото)

Отправить комментарий