Фарғонада «Истеъмолчи кутубхонаси» қурилади
Агар бугун дунёнинг энг фаол китоб тарғиботчиси аниқланганида, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи ўринни олган бўларди. Сабаби Юртбошимиз ҳар бир чиқишида бизни китобхон бўлишга чорламоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббуслари бўйича ҳаётга татбиқ этган чора-тадбирлари барча ҳудудларда ўз самарасини бермоқда.
Вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида бўлгани каби Фарғона шаҳрида ҳам “Истеъмолчи кутубхонаси” қурилиши бошланди. Бугун ушбу маскан пойдевори қурилишининг илк жараёни бошланди. Унда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Федерация раиси ва нуронийлар китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш бугун муҳим вазифалар қаторига киришини, бу айниқса, ёшларнинг баркамол улғайишида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтдилар.
Қурилажак кутубхона келгусида юртдошларимизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга ҳам замин яратади. Унда албатта, ҳуқуқий нашрлар билан бир қаторда энг сара адабиётлар ҳам жамланади.
– Одам моддий етишмовчиликка кўникиши, уни сабр-бардош билан енгиб ўтиши мумкин. Аммо маънавий қашшоқлик муқаррар таназзулга олиб келади. Демак буюк келажакни қурмоқчи бўлган авлод китобхонликни асосий машғулотга айлантирмоғи даркор, – дейди Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Н.Тошканов. – “Истеъмолчи кутубхонаси” бу борада ҳар битта истеъмолчиларимиз умуман, кенг аҳоли вакиллари учун зиё маскани бўлишига ишонаман.
Мадаминжон СОЛИЖОНОВ
Отправить комментарий