Мендан кетгунча, эгасига етгунча
Зафаробод қишлоғи Бағдод туманига қарашли бўлсада энг чекка ҳудуд, яъни туман марказигача 45 километр масофа узоқликда жойлашган. Шу қишлоқда яшовчи аҳолини марказдаги бозорга келиб кетишлари учун нақд бир куни кетади. Шахсий автомашинаси борларгаку йўлнинг узоқлиги сезилмас, лекин йўловчи автомобилларда бориб келувчилар учун иссиқни кунида бир сўм ҳам, бир соат ҳам қадрли!
Шундай кунларнинг бирида шу қишлоқда яшовчи Охунжон туман марказидаги бозордан вентилятор сотиб олди ва қилган харидидан хурсанд бўлиб уйига йўл олди. Совутгич бошида яхши ишлади, лекин орадан бир неча кун ўтгач бирданига жуда паст айлана бошлади. Истеъмолчи вентилятор айланиши тезлигини ўзгартирувчи тугмачаларни бир-бир босиб кўрди нафи бўлмади, у бирдай айланаверди.
Яна куннинг иссиғида шунча йўл босиб сотиб олган дўконига олиб келди ва алмаштириб беришларини сўради. Сотувчи совуққон ҳолатда «Бизнинг маҳсулотларимиз шу эшикдан чиқиши билан кафолат муддати тугайди, ҳеч қачон алмаштириб бермаймиз, ҳатто музлатгич сотиб олсангиз ҳам», — деб харидорга чиқиш эшигини кўрсатди. Харидор ташқарига чиқиб, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қўнғироқ қилди.
Жамият мутахассиси сотувчига қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, шунингдек узоқ муддат фойдаланиладиган товарларнинг кафолат муддатлари қонун билан белгилаб қўйилганлиги, бу борада «Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш кўриб бўлмаслиги тўғрисида тушунтиришлар бергач, у истеъмолчига нуқсонли товар учун тўланган 180000 (бир юз саксон минг) сўм пулни қайтариб берди.
Марғубахон Олтибоева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот бўйича бош мутахассиси
Отправить комментарий