Таянч гуруҳи аъзосининг ҳуқуқи ҳимоя қилинди
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосан ўзига нуқсонли товар сотилган истеъмолчи товарнинг кафолат муддати ёки яроқлилик муддати мобайнида, кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича эса олти ой мобайнида нуқсонли товарни худди шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириш, бошқа маркали (моделли, артикулли) худди шундай товарга алмаштириб, тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш, бепул таъмирлаб берилиши, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш, яъни пулини қайтариб олиш каби талабларни қўйиши мумкин. Истеъмолчининг мазкур талаблари сотувчига қўйилади. Унинг талаблари касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатни тақдим этган тақдирда кўриб чиқилади.
Олтиариқ туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида меҳнат фаолиятини олиб бораётган, Федерация аъзоси Н.Мирзатуллаева ҳам юқоридагилардан келиб чиқиб ўзининг қонуний ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, ўтган ойнинг ўрталарида 150 000 (бир юз эллик минг) сўмга сотиб олган вентиляторидан фойдаланиш жараёнида келиб чиққан нуқсонларидан шикоят қилиб сотувчига мурожаат қилган. Истеъмолчининг, вентилятордан ёзнинг иссиқ кунларида ўз иш жойи — болалар боғчасида болажонларга бироз бўлсада қулайлик яратиш мақсадида фойдаланаётганлиги хусусидаги гаплари ҳам сотувчининг кўнглини юмшата олмаган.
Шундан сўнг Федерациянинг мактабгача таълим муассасасида ташкилланган таянч гуруҳи орқали туман жамиятига қилинган мурожаат тегишлича расмийлаштирилиб, сотувчига учрашилди. Унга амалдаги қонун талаблари ва унинг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Тушунтиришлардан тўғри хулоса қилган сотувчи нуқсонли вентиляторни ўз ҳисобидан таъмирлаб, истеъмолчига соз ҳолатда топширди. Мурожати ижобий ечим топган Н.Мирзатуллаева туман жамияти ходимларига ўз миннатдорчилигини билдириб, Федерация аъзоси эканлигидан хурсанд эканлигини маълум қилди.
Одилжон Холматов
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Отправить комментарий