Адолат қарор топди
Фарғона шаҳрида яшовчи С.Бахромовга қарашли бўлган хонадоннинг бузилишга тушганлиги ва унга қонуний асосларда шаҳарнинг Қиргули даҳасида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бири хусусий мулк сифатида берилганлиги, у ушбу хонадонга кўчиб ўтган 2018 йилдан шу давргача коммунал тўловларни тўлаб келаётган бўлишига қарамасдан электр таъминоти, иссиқ сув тўловларидан қарздорлик ҳисобланиб, мазкур қарздорликларни Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорлари билан ғайриқонуний деб топилганлиги юзасидан материаллар берилганди. Шу кунларда ана шу хонадоннинг табиий газ тўловларидан қарздорлиги масаласидаги низоли ҳолат юзасидан ҳудудий бирлашма томонидан судга киритилган даъво аризаси ҳам судда кўриб чиқилди. Суд ишни кўриб чиқишга томонлар тақдим қилган барча ҳужжатларни кўриб чиқиб, адолатли қарор чиқарди.
Суд ишни кўриб чиқиш давомида мазкур хонадонда С.Бахромов кўчиб келганга қадар 1981-2018 йилларда Г.Громова (марҳума) яшаб келганлиги, қарздорлик унинг яшаган даврларига тўғри келиши, Фарғона шаҳар ҳокимлигининг хўжалик ҳисобидаги уй-жой бўлими томонидан 10.05.2018 йилда барча хизмат кўрсатувчи, шу жумладан Фарғона вилоят ҳудудий газ таъминоти Фарғона шаҳар участкасига ҳам хонадонлари бузилишга тушган фуқароларга шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат уй-жой фондига қарашли бўлган хонадонларни беминнат мулк сифатида расмийлаштириб берилганлигини инобатга олиб, хонадонларнинг коммунал тўловлардан қарздорликлари бўлса, ушбу қарздорликларни кўчиб кирган фуқаролардан эмас, балки мазкур хонадонларни ажратиб берилгунга қадар яшаб келган фуқаролардан ундириш лозимлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириш хатини берганлигини, С.Бахромов ва унга қарашли хонадонда қонуний асосларда яшаб келаётган жияни Н.Фазлиддиноваларнинг коммунал хизматлар учун тўловларни тўлаб келганликларини инобатга олиб, Фарғона вилоят газ таъминоти ҳудудий филиали Фарғона шаҳар участкаси мансабдор шахслари томонидан 06.04.2018 йилга қадар ушбу хонадонга табиий газ учун ҳисобланган қарздорликни фуқаро Н.Фазлиддинова ва унинг оила аъзоларидан талаб қилишда намоён бўлган ҳатти-ҳаракатларни ғайриқонуний деб топди.
Шундай қилиб, ҳудудий бирлашма томонидан фуқаро Н.Фазлиддинова ва унинг оила аъзолари манфаатларини кўзлаб судга киритилган жами 3 та даъво аризаси бўйича 2461775 (икки миллион тўрт юз олтмиш бир минг етти юз етмиш беш) сўм қарздорликни, шундан электр энергияси тўловлари бўйича 671500 (олти юз етмиш бир минг беш юз) сўм, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси тўловлари бўйича 1553366 (бир миллион беш юз эллик уч минг уч юз олтмиш олти) сўм ва табиий газ тўловларидан 326909 (уч юз йигирма олти минг тўққиз юз тўққиз) сўм қарздорликлар суд томонидан ғайриқонуний деб топилиб, Н.Фазлиддинова ва унинг оила аъзолари зиммасидан соқит қилинди. Битта ҳолат бўйича фуқаро фойдасига 405460 сўм (тўрт юз беш минг тўрт юз олтмиш) сўм маънавий зарар ҳам тўлаб бериладиган бўлди.
Фахриддин Бойназаров
ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи
Отправить комментарий