Биргина хато истеъмолчининг етти ой сарсон бўлишига сабаб бўлган
Учкўприк тумани Оқ олтин қишлоғида яшовчи К. Абдуманнонова туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, 2019 йил март ойида электр таъминоти корхонаси томонидан ассосиз қарздорлик ҳисобланганлиги, шундан буён туман электр таъминоти корхонасига кўп маротаба мурожаат қилганлиги, лекин натижа бўлмаётганлигидан норозилик билдирган.
Мазкур мурожаат туман жамияти томонидан тегишли тартибда ўрганилганда, туман МИБ томонидан 2019 йил 26 мартда электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги тўғрисида Учкўприк туман Фурқат кўчасида яшовчи фуқаро И. М. (абонент рақами …..33)га нисбатан 0000392-сонли далолатнома тузилганлиги, шундан сўнг туман электр таъминоти корхонасининг етказилган зарарни аниқлаш бўйича қайта ҳисоб-қилиш комиссияси томонидан 5 380 241 (беш миллион уч юз саксон минг икки юз қирқ бир) сўм қайта ҳисобланиб, зарар суммаси техник хатолик туфайли К. Абдуманнонова абонент рақами (…..53)га киритиб юборилганлиги маълум бўлди. Натижаси эса сизларга маълум, истеъмолчининг ҳар икки ташкилот ўртасида сарсон-саргардонлиги-ю ва норозилиги келиб чиқиши.
Ўрганиш ишлари якунига кўра, электр таъминоти корхонаси томонидан асоссиз ҳисобланган қарздорлик хатлов асосида истеъмолчининг ҳисобидан чиқарилиши таъминланди.
–Узоқ вақт мобайнида ҳал этилмаган муаммони тез ва оз фурсатда ижобий ҳал этиб бердиларинг,–дейди К. Абдуманнонова. –Бунинг учун республика, вилоят ва тумандаги ушбу соҳада меҳнат қилаётган барча ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Идорамиз эшигидан шифохонадан дардидан тўлиқ фориқ бўлган бемор мисоли шодон кайфиятда чиқиб, кетиб бораётган истеъмолчини кузатиб турарканман, албатта, аҳолига турли хизматларни кўрсатиб келаётган ҳар бир ташкилот масъуллари ўз ишларига алоҳида эътибор билан ёндошишлари лозимлигини, юқоридаги каби ҳолатларда ҳисоб-китобларни амалга оширишда, шунингдек натижаларни тегишли ҳисоб рақамларига киритишда янада эътиборлироқ бўлишлари шарт эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Зеро, биргина хато фуқаронинг ойлар давомида тинчини ва ҳаловатини йўқотишига, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўраб, идорама-идора вақтини ва асабини йўқотишига олиб келмасин!
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Отправить комментарий