2 МИЛЛИОН 900 МИНГ СЎМЛИК ҚАРЗДОРЛИК ҲИСОБДАН ЧИҚАРИЛДИ: ИСТЕЪМОЛЧИ МУАММОСИ ҲАЛ ЭТИЛДИ
Истеъмол қилинган ичимлик суви учун ҳисобланган қарздорликка шубҳа туғилса, бефарқ бўлмаслик керак. Чунки ўз вақтида қилинган мурожаат ва қайта ҳисоб-китоб орқали асоссиз қарздорликни бартараф этиш мумкин.
Фарғона тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро М.Қ. ичимлик суви учун ҳисобида 2 миллион 900 минг сўм қарздорлик пайдо бўлганидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилди.
Фуқаронинг билдиришича, хонадонда истеъмол қилинган ичимлик суви учун ҳисобланган мазкур қарздорлик ҳақиқатга мос келмаган. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун амалий ёрдам сўраган истеъмолчи мурожаати Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганишга олинди.
Масала юзасидан «Фарғона сув таъминоти» АЖнинг туман бўлимига сўров хати юборилиб, истеъмолчининг ҳисоб-китоблари ва мурожаатида кўрсатилган ҳолатларга аниқлик киритиш сўралди.
Корхона тақдим этган расмий жавобга кўра, тегишли мутахассислар томонидан абонентлар бўлими маълумотлари асосида қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган. Натижада, фуқаро ҳисобида акс этган 2 миллион 900 минг сўм қарздорлик чиқариб юборилган.
Шу билан бирга, 2026 йил 2 ноябр ҳолатига кўра, қайта ҳисоб-китобдан кейин истеъмолчининг 179 минг 481 сўм миқдорида ҳақдорлиги мавжудлиги маълум қилинган. Бу ҳақда сув таъминоти корхонасининг 3 ноябрдаги расмий жавобида ҳам қайд этилган.
Бундай ҳолатларга дуч келганда истеъмолчилар нималарга эътибор бериши керак?
Ушбу ҳолат ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар учун ҳисоб-китобларни мунтазам назорат қилиб бориш муҳимлигини кўрсатади.
Агар ҳисобингизда кутилмаган қарздорлик пайдо бўлса:
– шахсий ҳисобварақдаги маълумотларни текширинг;
– сув ҳисоблагичи кўрсаткичларини қайд этиб боринг;
– тўлов чеклари ва квитанцияларни сақланг;
– ҳисоб-китобда хатолик бор деб ҳисобласангиз, хизмат кўрсатувчи корхонага ёзма мурожаат қилинг;
– муаммо ҳал этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларидан ҳуқуқий ва амалий ёрдам сўранг.
Ёдда тутинг: коммунал хизматлар учун ҳисобланган ҳар қандай қарздорликни текшириш ва унинг асослилигини аниқлаш истеъмолчининг ҳуқуқидир. Ҳисоб-китобда хатоликка дуч келсангиз, бунга бефарқ қараманг — ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш учун ўз вақтида мурожаат қилинг.



Post Comment