Нуқсонли мебел жамланмаси мақбул сифатлисига алмаштириб берилди

Нуқсонли мебел жамланмаси мақбул сифатлисига алмаштириб берилди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.И.нинг харид қилинган мебел жамланмаси нуқсонли чиққанлиги масаласидаги ёзма мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида мебеллар тўпламини Ёзёвон туманида жойлашган кредит савдо дўконидан 14 млн 300 минг сўмга, товар қийматини 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. Лекин хонадонга келтирилган мазкур ётоқхона ва ошхона мебеллари тўпламида нуқсонлар мавжудлигини аниқлашган. У мазкур муаммони ўз кучи билан ҳал қила олмагач, туман жамиятига ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилишга қарор қилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 13-моддасига кўра, бундай ҳолатда истеъмолчи нуқсонли товарни алмаштириш тўғрисида талаб қўйишга ҳақли. Истеъмолчи ушбу ҳолатда алмаштириш бўйича талабини бутун тўплам, гарнитур, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам қўя олади. Яъни содда қилиб айтганда, истеъмолчи танловига кўра, тўплам таркибига кирувчи биттагина буюмнинг нуқсони аниқланиши ортидан талаб тўпламни бутунлай алмаштириш бўйича ҳам, ёки ўша нуқсони мавжуд бўлган буюмнинг ўзинигина алмаштириб берилиши бўйича ҳам қўйилиши мумкин.

Мурожаатни ўрганиш доирасида томонларга қонуннинг ушбу талаблари тарғиботи олиб борилди. Тушунтириш ва тарғибот ишлари якунларига кўра, Қонуннинг 14-моддаси тартибида нуқсонли товар мақбул сифатдагисига алмаштириб берилишига эришилди.

Шоҳистахон Раҳимова
Тошлоқ туман жамияти мутахассиси

(иллюстратив фото)

Post Comment