Нуқсонли товар сотувчига қайтарилди

Нуқсонли товар сотувчига қайтарилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Ойбек кўчасида истиқомат қилувчи Х.М.нинг харид қилинган мобил қурилмани нуқсонли чиққанлиги бўйича мурожаати ўрганилди.

Мурожаат эгасига кўра, у шаҳардаги “Mega stor” савдо дўконидан Samsung A-03 64 gb русумли мобил қурилмани бир йиллик кафолат муддати билан 1 млн 200 минг сўмга харид қилади. Лекин телефон аппаратида кафолат муддати ичида нуқсонлар вужудга кела бошлайди. Бу ҳақда сотувчига қилган мурожаатига эса “Сервис марказига боринг” деган жавобни олади. Сервис марказининг қаерда жойлашганлиги бўйича эса истеъмолчига жўяли тушунтириш берилмайди. Шундан сўнг у ўзи дуч келган муаммосини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, сотувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Бундай маълумотлар сирасига эса ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари тўғрисидаги маълумотлар ҳам киради. Товар (иш, хизмат) ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги эса бундай товар (иш, хизмат)ни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ўрганиш ишлари давомида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида, шунингдек сотувчига қонун талабларини бажармаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилгач томонлар ўртасида шартномани бекор қилиш ҳамда нуқсонли товарни сотувчига, товар учун тўланган пул суммасини эса истеъмолчига қайтаришга эришилди.

Усмонжон Рузиев
Фарғона шаҳар жамияти мутахассиси

Post Comment