Қарздорлик мавжуд, лекин даъво қилинган суммада эмас

Қарздорлик мавжуд, лекин даъво қилинган суммада эмас

Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Ўрабоши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро М.О. нинг туман прокуратурасига қилган мурожаати масаланинг тегишлилиги бўйича ўрганилди.

Ичимлик суви учун тўловларни тўлаб келаман, барча тўлов хужжатлари мавжуд. Лекин ҳозирда менга 135 000 сўм қарздорлик чиқаришмоқда. Аслида бир вақтлар менга қарздорлик йўқлиги тўғрисида маълумотнома ҳам берилган. Шу масалада амалий ёрдам беришингизни сўрайман, – дейди фуқаро ёзма мурожаатида.

Мурожаатда кўрсатилган важларга аниқлик киритиш мақсадида истеъмолчи билан қўшимча суҳбат жараёнида у хонадонида тўрт жон яшашлиги, ичимлик сувини 2022 йилнинг январ ойига қадар кўча колонкасидан ташиб истеъмол қилганлиги, шу ойдан бошлаб эса хонадонига сув тармоғи тортилиб, ҳисоблаш ускунаси ўрнатган ҳолда фойдаланиб келаётганлигини маълум қилди. Шу билан бирга, 2021 йилнинг 13 март кунидаги 241974-сонли тўлов ҳужжати билан тўлаган 60 000 сўм тўлови ичимлик суви таъминоти корхонасидаги шахсий ҳисоб рақамига тушмаганлигини ҳам қўшимча қилди.

Ўрганиш ишлари жараёнида истеъмолчи хонадонига 2022 йил январ ойида сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган вақтда хонадоннинг тўловлардан 165 300 сўм қарздорлиги қолганлиги, 2023 йил май ойига келиб 100 000 сўм тўловни амалга оширганлиги қайд қилинди. Шуларни инобатга олган ҳолда ўтказилган қайта ҳисоб-китоб ишлари хонадонда 102 450 сўм қарздорлик қолганлигини кўрсатди. 2021 йилнинг март ойида тўлаган 60 000 сўм тўлови эса ташкилотнинг собиқ назоратчиси томонидан корхона ҳисоб рақамига кирим қилинмаган бўлиб чиқди. Ўрганиш ишлари давомида мазкур сумма истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига қайд қилдирилиб, истеъмолчига ҳақиқатда қолган 42 450 сўм қарздорликни бартараф этиши лозимлиги тушунтирилди.

Феруза Умурзақова,
Қува туман жамияти мутахассиси.

Post Comment