Оптик толали линиядаги узилиш истеъмолчининг интернетдан фойдаланишида муаммо туғдирган

Оптик толали линиядаги узилиш истеъмолчининг интернетдан фойдаланишида муаммо туғдирган

Қўқон шаҳрининг Ғозиёғлиқ маҳалласида яшовчи Т.М. Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиб, “Uztelecom” миллий операторининг “Узонлайн” интернет хизматларидан фойдаланиш борасидаги муаммо юзасидан ўз аризасини қолдирган.

Мурожаатчига кўра, у “Узонлайн” интернет хизматларидан фойдаланиб келади, бироқ хонадони атрофида тармоқ сими узилиши сабабидан интернет хизматларидан фойдалана олмасдан қолган. Бу ҳақда телекоммуникация боғланмасининг тегишли операторларига хабар берган бўлсада, боғланмадан мутахассислар ҳали ҳануз тармоқдаги узилишни бартараф этиш чорасини кўриш учун келмаган.

Мурожаатни ўрганиш давомида ҳудудга интернет тармоғи оптик толали кабел воситасида етказиб берилиши, истеъмолчи юзага келган носозлик ҳақида ҳақиқатан ҳам мурожаат қолдирганлиги қайд қилинди. Боғланма масъулларининг берган тушунтиришларига кўра, истеъмолчидан мурожаат қабул қилиб олинган кунларда шамол оқибатида оптик толали линияларда кўплаб узилишлар кузатилган, бунинг натижасида шу масалада мурожаатлар кўпайган, корхонада мавжуд оптик толани улаш учун мўлжалланган ягона ускунанинг эса барча чақириқларга бир вақтда хизмат кўрсата олмаслиги ортидан чақириқларга бориб хизмат кўрсатишда кўзда тутилмаган навбат юзага келган.

Мурожаатни ўрганиш бўйича кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида истеъмолчи тармоғида юзага келган носозлик тез муддатларда бартараф этилиб, хонадонни интернетдан бир маромда фойдаланиш имконияти таъминлаб берилди.

Муҳаммаджон Ўлмасов,
Қўқон шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment