Автолизингга оид яна бир муаммо
“2018 йил 14 октябрь куни мени мобил телефонимга СМС келди. СМСни ўқиб кўрсам, 1 йилдан 5 йилгача муддатга, йиллик 8% дан 16 % гача, 30 % олдиндан тўлов билан авомобиль ва уй-жойларни олиб берамиз, деган хабарни ўқидим. Телефон орқали “Умид автолизинг” билан боғланиб керакли маълумотларни олдим. Шундан сўнг 2018 йил 1 декабрь куни Фарғона шаҳридаги “Умид савдо файз инвест” МЧЖга бордим”, — деб бошланади Риштон туманида яшовчи (тўлиқ манзили берилмайди) М.Маткаримовнинг Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган ёзма мурожаати.
Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан истеъмолчи мурожаати тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилганда, юқоридаги масъулияти чекланган жамияти билан 01.12.2018 йилда имзоланган 3/F-10-сонли шартномага асосан Дамас русумли автомобиль учун 30 фоизли олдиндан тўловни ёки 33 500 000 (ўттиз уч миллион беш юз минг) сўмни тўлаганлигига қарамасдан автомобилни келишилган муддат, яъни 3-4 ой ичида эмас, балки шу кунга қадар олмаганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш ишларини ўтказиш давомида шартнома тарафларига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари тушунтирилди. Хусусан, қонунинг 19-моддасига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт <…> Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Юқоридагиларга ва истеъмолчининг шартномадан бир томонлама воз кечиш бўйича ўз мурожаатида қўйган талабига асосан, масъулияти чекланган жамияти (ижрочи)га амалга оширилган олдиндан тўлов суммасини истеъмолчига тўлиқ қайтариш талаби қўйилди. Ижрочи истеъмолчининг қонуний талабини қондириш мажбуриятини олди.
Куни кеча истеъмолчи М.Маткаримов идорамизга ташриф буюриб, ижрочи томонидан унинг олдиндан тўлаган маблағи тўлиғича банк пластик карточкасига ўтказиб берилганлигини маълум қилиб, ташаккурнома ёзиб бериб кетди.
Рустам Мараджапов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Отправить комментарий