Сотилган товар истеъмол қилинган бўлса нима қилиш керак?
Бувайда тумани Жалоер қишлоғида яшовчи М.Шодиева туман буюм бозоридан ўзи учун кўйлак сотиб олгач, уйига олиб бориб қайтадан кийиб кўрди. Бундай ҳолатда ҳар биримиз нима қиламиз? Албатта, ойнага қараймиз, ёндан, орқа ва олд томонлардан қараганда кўриниши қалай? Бизга ярашдими ўзи ёки сотувчи уддабуронлик қилиб, ширин-ширин сўзлар билан алламбало товарни қўлтиғимизга қистириб юбордими? Сал қимматроқ олиб қўймадиммикан, деган саволларнинг ҳаёлдан ўтиши. Кийимнинг чўнтакларига қўл солиб кўриш ва ҳакозо ва ҳакозолар.
М.Шодиева ҳам шу амалларни бажариш жараёнида кўйлакнинг чўнтагига қўлини солса, қўлига нималардир илинди. Олиб кўрса нон ушоқлари. Ие, яп-янги кўйлакнинг чўнтагида нон ушоғи нима қилади? Ё кийилганмикан-а? Шундан сўнг у кўйлакка янаям разм солиб қаради, энди “янгина” товар унинг кўзига бошқача кўрина бошлади. Ҳаёлидан минг хил ўй-у фикрлар ўтди: “Энди нима қилдим?”
Ҳурматли истеъмолчилар! Кундалик турмуш жараёнида ҳар биримиз мана шундай ҳолатга рўбарў келиб қолишимиз мумкин. Худди шундай ҳолатга дуч келганингизда сиз томонингиздан амалга ошириладиган энг тўғри ҳаракат қандай бўлиши керак?
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, сотувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 14-бандига кўра, агар харидор томонидан сотиб олинадиган товар истеъмол қилинган бўлса ёки унинг камчилиги (камчиликлари) бартараф этилган бўлса, харидорга бу тўғрида маълумот берилиши керак.
Қонуннинг 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари баён қилинган. Унга кўра, сиз бундай ҳолатда нуқсонли товарни худди шундай товарга ёки бошқа маркалисига алмаштириб олиш, камчилик (нуқсон)ларини бепул бартараф этдириш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтирилишини талаб қилиш, пулингизни қайтариб олиш каби ҳуқуқларга эгасиз. Ушбу талабларни эса Сиз сотувчига қўясиз. Бунда сотувчи ушбу товарни Сизга сотганлигини тасдиқловчи касса ёки товар чекини сўраб қолиши мумкинлигини ҳам унутманг! Демак, юқоридаги маълумотлар билан қуролланганимиздан сўнг, олдимизда ўзига хос йўл харитаси вужудга келди: қўлимизда нуқсонли товар, уни сотиб олганлигимизни тасдиқловчи касса чеки ёки товар чеки турибди, борадиган жойимиз тайин – сотувчининг дўкони, эътирозимизни билдириладиган шахс ҳам мавжуд — сотувчи.
Истеъмолчи М.Шодиева ҳам худди шундай йўл тутиб, сотувчининг ҳузурига борган ва ўзининг қонуний талабларини баён қилган. Сотувчи унинг талабларини бажаришдан бўйин товлаган.
Бундай ҳолатда истеъмолчида бир неча вариант вужудга келади, яъни истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколатига бўлган давлат идораларига, маҳаллий ҳокимликларга, судга ёки истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларига мурожаат қилиш.
Истеъмолчи ўз ҳуқуқларини тиклаб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Бувайда туман жамияти ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида истеъмолчи томонидан 240 000 сўмга сотиб олинган кийимнинг олдин бир маротаба истеъмолда бўлганлиги маълум бўлди (жамият ходимлари томонидан амалдаги қонун-қоидаларнинг талаблари бўйича олиб борилган тушунтиришлар кор қилиб сотувчининг ўзи тан олди). Қарангки, сотувчи опанинг ўзи юқоридаги кўйлакни бир маротаба кийиб, тўйда ялло қилиб келган эканлар.
Шундан сўнг туман жамияти томонидан сотувчи истеъмолчига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси талабидан келиб чиқиб товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бермаганлиги, натижада истеъмолчига истеъмолда бўлган (халқ тилида БУ) товар реализация қилинганлиги ҳолати бўйича тушунтириш берилиб, истеъмолчининг мазкур товарни мақбул сифатлисига алмаштириш талаби етказилди. Сотувчи ушбу қонуний талабларни бажариб, товарни бошқа мақбул сифатлисига алмаштириб берди.
Бахром БОЙҚЎЗИЕВ
Фарғона вилоят Бувайда туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Отправить комментарий