«Сотилган товарлар қайтариб олинмайди»…ми?
Бувайда тумани Жийдали қишлоғида яшовчи истеъмолчи С.Ахмедова туман буюм бозоридан фарзанди учун 85000 сўмга оёқ кийими сотиб олган. Оёқ кийимиини уйга олиб бориб фарзандига кийдирганида пойабзалнинг размери кичикроқ келади.
Жуда таниш ҳолат, шундай эмасми?
Кундалик турмуш жараёнида бундай ҳолатларга кўп дуч келамиз. Хўш, мана шу ҳолатда истеъмолчи қандай йўл тутиши керак? У шу захотиёқ бозорга югуриши керакми ёки бошқа куни бориб ўзининг истеъмолчилик ҳуқуқларини талаб қилса ҳам бўладими? Борганида сотувчи унга «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди», деган ёзувни кўрсатиб, «Энди қаерга борсангиз бораверинг» қабилида иш тутсачи?
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни 18-моддасида истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.
Эътибор қилган бўлсангиз, бу ерда «мақбул сифатли» дейилмоқда. Яъни товарнинг ҳеч қандай нуқсонлари йўқ, у истеъмолга яроқли, сифатиям яхши. Хўш, унда алмаштириб олиш нимага керак, дейишингиз мумкин. Қонунга биноан истеъмолчи сифати яхши товарни ҳам алмаштириб олиши мумкин. Фақатгина бунда унга ўша сотиб олинган товарнинг қандайдир истеъмол хоссалари мос келмаганлиги сабаб бўла олади. Сиз туфли олдингиз, лекин унинг размери бироз мос келмади ёки ранги ёқмади ва бошқа шу каби ҳолатлар. Истеъмолчининг товарни алмаштириб олишга товар сотиб олинган кундан эътиборан 10 кун ичида ҳуқуқи бор. 10 кунлик муддат ўтиб кетгач у бу ҳуқуқини рўёбга чиқара олмайди.
Шунинг билан биргаликда, харидорнинг товарни алмаштириш ёхуд қайтариш тўғрисидаги талаби, агар товар истеъмол қилинмаган бўлса, унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган бўлса, шунингдек ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлса қондирилишини ҳам унутмаслик лозим («Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг 28-банди). Демак, истеъмолчи алмаштириш зарурияти юзага келиб қолиши мумкинлигини ҳам унутмаган ҳолда, товар билан эҳтиёткорона муносабатда бўлган бўлиши керак.
Истеъмолчи С.Ахмедовага қайтайлик. У нима қилди? Албатта, у товарга эҳтиёткорона муносабатда бўлди, товарнинг кўринишига, истеъмол хоссаларига, пломба ва ёрлиқларига зарар етказмади. Фарзандига кийгизиб кўргандан сўнг, коробкасига қайта жойлади ва сотувчининг ҳузурига йўл олди. Сотувчи эса…
Сотувчи уни «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди», деган ёзув билан кутиб олди. Ана, холос.
— Ҳа ўша куни қарамабсизда, каттагина қилиб ёзиб қўйганмизку, оповси.
— Энди мен нима қилай?
— Бизда тартиб шунақа ўргилай, тартиб.
Қўйингки, истеъмолчининг сотувчини инсофга чақириш бўйича қилган оҳу нолалари кор қилмади. Шундан сўнг, у амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Ҳартугул, туман жамияти ходимларининг амалдаги қонун талаблари ва чакана савдо қоидалари бўйича сотувчига берган тушунтиришлари кор қилди, шекилли у истеъмолчидан мақбул сифатли товарни қайтариб олиб, товар учун тўланган пулни қайтариб берди.
Ҳурматли истеъмолчилар биз шу ўринда яна иккита ҳолатга сизларнинг эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Биринчиси, Ҳукуматимиз томонидан қонуннинг 18-моддасида кўрсатиб ўтилган ваколатларидан фойдаланган ҳолда зарур сифатга эга бўлган, қайтарилмайдиган ёки шунга ўхшаш ноозиқ-овқат товарларига алмаштирилмайдиган товарлар рўйхати тасдиқлаб қўйилган. Ушбу рўйхатга киритилган товарларни сиз ана шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, ранг ёки комплектациядаги бошқа товарга алмаштира ололмайсиз. Эътибор қилинг, мақбул сифатли товар ҳақида гап кетаяпти, бу ерда. Бизнинг мисолимиздаги пойабзал ушбу рўйхатга киритилмаган. Лекин дори-дармонлар, шахсий гигиена буюмлари, атторлик пардоз буюмлари, мебель ва бошқа бир қатор твоарлар ушбу рўйхатга киритилган. Айтайлик, Сиз тароқ сотиб олгансиз. Тароқ шахсий гигиена буюми ҳисобланади. Сиз ана шу тароқни уйга олиб келиб, ишлатиб кўргач, менга тароқнинг у ери ёқмади, бу ери ёқмади деган сабаб билан алмаштира олмайсиз. Яна айталик мебель олдингизу, уйга олиб келдингиз. Уйдагиларга ранги ёқмади, лекин уни бошқа рангдагисига алмаштириб ололмайсиз (агар шартнома шартларида алмаштириб олиш кўзда тутилган бўлса алмаштириб олишингиз мумкин, албатта).
Бироқ яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, юқоридаги рўйхатга киритилган бўлсада, товарда нуқсон бўлса ёки сотувчи Сизни алдаган бўлса ҳар қандай товарни алмаштириш, ушбу товарни қайтаришга ва пулингизни қайтиб олишга Сизнинг ҳуқуқингиз бор! Яна такрорлаймиз, товарда нуқсон бўлса.
Иккинчиси, энди айрим савдо объектларида «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди» қабилидаги ёзувларни қўйиб қўйилишига келсак. Агар сотувчилар, Ҳукумат томонидан тасдиқланган қайтарилмайдиган ёки шунга ўхшаш ноозиқ-овқат товарларига алмаштирилмайдиган товарлар рўйхатига киритилган товарларни сотаётган бўлсалар ва биз бу ёзувни қўйиб қўйишга ҳаққимиз бор десалар, улар янглишадилар. «Сотилган товар қайтариб олинмайди», деган ёзув «уни нуқсони бўлсаям» деган маънони ҳам билдиради. Қонун эса, нуқсонли товар сотилган истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бизнинг назаримизда, қолаверса «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг ҳам талаби шундай, юқоридаги каби тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида шу каби товарларни сотаётган сотувчилар чакана савдо қоидаларидан кўчирмаларни, хусусан Қоидаларнинг 1-иловасини истеъмолчиларнинг танишиши учун қулай жойга осиб қўйишлари ва истеъмолчи шундай товарларни сотиб олаётганда бу ҳақда истеъмолчини огоҳлантиришлари лозимдир.
Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки:
— истеъмолчи «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг 1-иловасида келтириб ўтилган рўйхатдаги товарлардан ташқари ҳар қандай ноозиқ-овқат товарини ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли;
— сотувчилар эса истеъмолчининг қонуний талабларини бажаришга мажбурдирлар;
— сотувчилар томонидан «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди» қабилидаги ёзувларни қўйиб қўйилиши амалдаги қонун талабларига зиддир.
Бахром БОЙҚЎЗИЕВ
Фарғона вилоят Бувайда туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Отправить комментарий