Истеъмолчи ҳуқуқи тикланди

Истеъмолчи ҳуқуқи тикланди

Бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Кечагина янгилик бўлган нарса, бугун замон талабига жавоб бера олмай қолмоқда. Шундай ўзгаришлар, янгиланишлар замонида яшаётган эканмиз, ҳар биримиздан огоҳлик, ҳушёрлик, атрофимизда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ўз вақтида хабардор бўлиб бориш талаб қилинади. Афсуски, кундалик турмуш жараёнида фуқароларимиз томонидан айрим масалаларга озгина эътиборсизлик, лоқайдлик билан муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб қолмоқдаки, бу ҳолатлар охир-оқибат ўша фуқароларимизнинг ўзларини овораю сарсон бўлиб қолишларига олиб келмоқда. Айтайлик, хонадонимизга янги электр ҳисоблагич ўрнатилишда эскисини ечиб олиш ва янгисини ўрнатиш билан боғлиқ ҳаракатлар алоҳида далолатнома билан расмийлаштирилиши кўпчиликка тушунарли бўлсада, айрим истеъмолчилар масъул ходимлардан ана шу далолатнома  (ёки далолатномалар) тузилдими ё йўқми, нега бир нусха менга берилмади, деган саволни масъулларга ва ўзларига бериб кўрмаяптилар. Натижада янги ўрнатилган ҳисоблагич электр таъминоти идорасининг компьютер базасига кирмасдан қолиб, келажакда каттагина муаммо бўлиб юзага чиқиб келмоқда.

Шундай мисоллардан бирини келтириб ўтайлик. Олтиариқ тумани Азимобод маҳалласи ҳудудида яшовчи С.Х.нинг туман жамиятига қилган ёзма мурожаати ўрганилди.

Мурожаатда кўрсатиб ўтилишича, истеъмолчи хонадонига фойдаланилган электр энергия сарфини ҳисоблаб бориш учун 2016 йилнинг бошларида ДДS-28 маркали электрон ҳисоблагич ўрнатилган. Ҳисоблагични, табиийки, туман электр таъминоти корхонаси масъул ходимлари ўрнатганлар. Лекин …

Ўрнатилган электр ҳисоблагич тўғрисидаги маълумотлар ҳисоблагични ўрнатган масъул ходимлар томонидан туман электр тармоқлари корхонасининг маълумотлар базасига киритилмасдан қолиб кетган. Бу ҳолат натижада фуқаро С.Х.нинг 3 ой давомида овораю сарсон бўлишига олиб келган.

Истеъмолчининг мурожаатини туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганиш жараёнида электр таъминоти корхонаси компъютер базасида ҳалига қадар эски ҳисоблагич маълумотлари турганлиги маълум бўлди. Бу ҳолат электр таъминоти идораси масъуллари томонидан бартараф этилиб, ҳисоблагич базага киритилишига эришилди ва ҳисоб-китоблар ана шу ҳисоблагич асосида юритилиши йўлга қўйилди.

Одилжон Холматов

Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

(юқорида иллюстратив фото)

Отправить комментарий