Истеъмолчи ишонч телефонидан миннатдор бўлди
Риштон тумани Дутир маҳалласида яшовчи фуқаро А.Қодирқулов, яхши ниятлар билан Олтиариқ туманидаги савдо дўконларининг биридан Авангард русумли импорт музлатгични бир йиллик кафолат муддати билан харид қилади.
Бироқ фуқаронинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. Бир ярим ой фойдаланганидаёқ музлатгичда нуқсонлар сезила бошлайда ва у ишдан чиқади.
Ушбу масалани муроса йўли билан ҳал этиш мақсадида фуқаро савдо дўконига бориб ҳолат бўйича сотувчига тушунтирганида, сотувчи музлатгични сервис хизматида таъмирлатишнинг кераги йўқлиги, ўзининг таниши шу ишлар билан шуғулланишини билдириб, нуқсонли музлатгични ўша устанинг дўконига олиб келиб беришини айтади.
Истеъмолчилик ҳуқуқий билими етарли бўлмаган фуқаро сотувчининг гапларига ишонган ҳолда, музлатгични устанинг дўконига олиб келиб беради. Лекин маълум муддат ўтгач музлатгичини олиб келиш мақсадида устанинг ҳузурига борганида, уста истеъмолчидан таъмирлаш ҳаражатлари учун 300 000 сўм пул сўрайди. Бундан таажжубланган истеъмолчининг музлатгич кафолат муддати ичида бузилганлигини, қолаверса сотувчи бепул таъмирлаб берилишини айтганлиги борасидаги тушунтиришлари эса устага кор қилмайди. Уста эҳтиёт қисмлари қимматлигини, пулини тўламаса таъмирлаш ишларини амалга ошира олмаслигини айтиб туриб олгандан сўнг, истеъмолчи ноилож пулни санаб бериб уйига кетади.
Буни қарангки, орадан қарийб олти ой ўтсада уста томонидан музлатгични таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмай, турли баҳоналар билан иш чўзиб келинади. Сотувчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасида қатнашдан чарчаган истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига мурожаат қилиб, муаммони ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам сўрайди.
Истеъмолчининг мурожаати Федерация орқали тегишлилиги бўйича Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушди.
Жамият ходимлари мурожатга ойдинлик киритиш мақсадида фуқаронинг хонадонига бориб суҳбатлашганларидан сўнг, нуқсонли товар Олтиариқ тумани марказида маиший техникалар савдоси фаолиятини олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор М.Р.нинг дўконидан сотиб олинганлигига аниқлик киритилди.
Шундан сўнг ўз мурожаатини ўрганишда иштирок этиш истагини билдирган фуқаро билан биргаликда сотувчи билан учрашилди. Сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тегишли моддалари бўйича тушунтиришлар берилди. Сотувчининг саъй-ҳаракатлари билан шу куннинг ўзида музлатгичнинг мотори янгисига алмаштирилиб, таъмирлаш ишлари учун фуқародан олинган 300 000 сўм пул ҳам уста томонидан қайтариб берилди.
— Шу масалада бир неча жойларга мурожаат қилгандим, лекин масала ечим топмай келаётганди. Телефон орқали қилган мурожаатимни бунчалик тез ҳал этилиши ва ижобий ҳал бўлишини тўғриси кутмагандим. Ишонч телефонидагиларга катта раҳмат, дейди кўз ўнгида бўлиб ўтган ишлардан хурсандчилигини яширолмаган истеъмолчи.
Албатта, ҳар бир мурожаат, у ҳоҳ ёзма ёки оғзаки бўлсин, бир хил аҳамиятга бўлиб, барча мурожаатлар қонуний ҳал этилмоғи лозим.
Аброржон Собиров
Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси
(юқорида иллюстратив фото)
Отправить комментарий