Сотувчининг айбни истеъмолчига ағдариш йўлидаги уринишлари зое кетди

Сотувчининг айбни истеъмолчига ағдариш йўлидаги уринишлари зое кетди

Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъуллари томонидан амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асослари бўйича ҳудуддаги корхона, ташкилот, идора ва муассасаларда тизимли асосда ўтказиб борилаётган тарғибот тадбирлари ўзига хос акс садо бермоқда десак, муболаға бўлмайди. Сабаби, тадбирларда иштирок этганлар, албатта, маҳаллада, тўй-тўйчиқда, гап-гаштаклардаги гурунгларда ўзлари томонидан қабул қилиб олинган ҳуқуқий билим билан ўртоқлашадилар. Бу эса Федерациянинг асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари тўғрисидаги ахбротни аҳолининг янада кенгроқ қатламлари ичига кириб боришига замин яратмоқда.

Шундай истеъмолчилардан бири сифатида туманнинг Иттифоқ маҳалласида истиқомат қилувчи М.Хўжаевани кўрсатишимиз мумкин. У уй-рўзғорда фойдаланиш умидида, шунингдек рўзғорнинг бир четини кўтариб қолар, деган мақсадда бир неча муддат олдин яхши ниятлар билан JUITA маркали тикув машинасини сотиб олган.

Бугунги кун тикув машиналари кўп функцияли эмасми, у сотиб олган тикувчилик ускунасининг ҳам фойдаланувчига қулайлик яратувчи бир неча функциялари бор экан. Шулардан бири тикув жараёнида чокни ёритиб берувчи чироқ ўрнатилганлиги бўлиб, истеъмолчи дастлаб ушбу қулайликдан хабари ҳам бўлмаган. Кейинчалик хабар топиб ишлатиб кўрса, чироқ ёнмаган. Истеъмолчи машинанинг ушбу нуқсони ҳақида сотувчига маълум қилганда эса, “Машина чироғини эҳтиётсизлик оқибатида ўзингиз куйдириб қўйгансиз”, — деган маломатни эшитган. Истеъмолчининг куйиниб тушунтиришлари эса натижа бермаган. Пешонамга битгани шу эканда деб, тақдирга тан бериб юрган кунларининг бирида мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган қариндоши билан учрашиб қолади. Гапдан-гап чиқиб, ўзининг муаммосига тўхталади. Қариндоши унга:

— Шунга ҳам куйинасанми, сендақаларни ҳимоя қиладиган ташкилотлар ҳам борку. Мана куни кеча мактабимизга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятидан вакиллар келиб-кетишди. Хизмат телефонларини ёзиб олганман, бир мурожаат қилиб кўр, — деб маслаҳат беради.

Истеъмолчининг мурожаати туман жамиятида расмийлаштирилгач, жамият ходимлари сотувчи Н.Жалилов билан учрашдилар. Унга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 13-моддаси билан белгилаб қўйилган, истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари, 14-моддаси билан белгилаб берилган, истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириш тўғрисидаги талабини қондириш муддатлари ва тартиблари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилгач, у нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб беришни ўз зиммасига олди. Истеъмолчининг қонуний талаби қондирилиши натпжасида эса, унинг 2150000 (икки миллион бир юз эллик минг) сўмга чув тушиб қолишини олди олинди.

МАРҒУБА ОЛТИБОЕВА
Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот мутахассиси

(юқорида иллюстратив расм)

Отправить комментарий