Касални яширсанг …

Ўзбекистон туманининг Элчи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Д.Қ. Халқ банк туман филиалидан олинган 7 500 000 (етти миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги имтиёзли кредит эвазига иссиқхона қурдирган. Лекин шу йилнинг январь ойида ҳудудда кузатилган шамол не-не умидлар билан бошланган ишларни “ҳавога совуриб”, иш бажарувчи томонидан иссиқхонани қуришда тегишли талабларга амал қилинмаганлигини ошкор қилиб қўйган. “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, дейди доно халқимиз.

Истеъмолчи мазкур масалада ижрочига бир неча мурожаатлар қилиб, ўз кучи билан муаммони бартараф эта олмагач, Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилиб келган.

Мурожаат асосида Федерациянинг Ўзбекистон ва Бешариқ туман жамиятлари ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар натижаси билан ижрочи томонидан юзага келган ҳолат бартараф этилиб, иссиқхона фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириб берилиб, истеъмолчининг моддий ҳамда маънавий зарар кўриб қолишининг олди олинди.

Исомиддин Аббосов
Ўзбекистон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси