Жамиятда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ишига барчамиз масъулмиз
Жорий йилнинг 4-6 апрель кунларида Фарғона шаҳрида вилоятимиздаги оммавий ахборот воситалари журналистлари ва Ахборот хизматлари ходимлари учун «Жамиятда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ОАВнинг ўрни» лойиҳаси доирасида «ОАВда зиддиятли вазиятларни: терроризм ва зўравон экстремизм масалаларини ёритиш» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Мазкур семинар-тренинг жорий йилнинг март ойи бошларида Фарғона шаҳрида ўтказилган «Зиддиятли вазиятларни бартараф этишда ОАВ ва ахборот хизматларининг роли» мавзусидаги семинар-тренингнинг мантиқий давоми бўлди.
Тренерлар томонидан замонавий, интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг яшаб қолиши ва тараққиётига хавф солиб турган терроризм ва зўравон экстремизмнинг моҳиятини ОАВ ва Ахборот хизматлари ходимлари томонидан ўз аудиторияси учун тўғри ёрита олиш, Ўзбекистон Республикасида терроризм ва экстремизга қарши курашнинг қонуний асослари, диний зиддиятлар, замонавий ғарб ва миллий ОАВда террористик ҳаракатларни, диний экстремизмни ёритишда журналистик суриштирувнинг ўрни, интернетдан олинадиган матнлар, фото ва видеодан фойдаланиш қоидалари, терроризм масалалари бўйича жамоатчилик фикрини шакллантиришга ОАВ ва Ахборот хизматининг таъсири, ТОКТЭР (терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши кураш)га оид материаллар тайёрлашда замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланиш усуллари ва бошқа бир қатор долзарб мавзуларнинг тақдимотлари ўтказилди. Ҳар бир тақдимотдан сўнг иштирокчилар ўртасида кескин баҳс-мунозараларнинг давом этганлиги берилаётган мавзуларнинг нақадар долзарблигини кўрсатиб турди.
Ўйлаймизки, ўтказилган тадбир унда иштирок этган журналистлар ва Ахборот хизматлари ходимларига ОАВда ёритиладиган зиддиятлар, хусусан терроризм ва зўравон экстремизм масалаларини таҳлил қилишнинг ички механизмлари ва усуллари, терроризм ва зўравон экстремизм мавзусини ёритиш орқали аҳолининг медиасаводхонлигини оширишга хизмат қилувчи материаллар тайёрлаш юзасидан зарурий амалий кўникмаларни бера олди.
Ўтказилган мазмунли тадбир учун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимидан иштирок этган ходимлар номидан ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети катта ўқитувчиси Беруний Алимов, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова, Fledu.uz электрон илмий журнали бош муҳаррири Гулмира Шукурова ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Қобилжон Хидировларга ўз миннатдорчилигимизни изхор қиламиз.
(юқорида семинар-тренингдан лавҳа. Расмни М.Тўланов олган)
Отправить комментарий