Истеъмолчининг тўрт миллион сўм пули қайтариб олиб берилди

Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи Ю.Матисақованинг қолдирилган авиарейс чиптаси пулини қайтариб ололмаётгалиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчига кўра, у авиачиптани Қува туманида жойлашган “OMADLI YURT FAROVONLIGI” МЧЖга қарашли авиачипталарни сотиш шохобчасидан 4 млн 50 минг сўмга харид қилган. 2022 йилнинг 22 март кунида S7 Airlines авиакомпанияси борти билан Наманган халқаро аэропортидан Россиянинг Иркутск шаҳрига амалга оширилиши керак бўлган парвоз истеъмолчига номаълум бўлган сабабларга кўра қолдирилгач, у чипта учун тўланган пулни қайтариб олиш ҳаракатига тушган, лекин шу кунга қадар унинг ҳаракатлари самарасиз қолиб келган.

Мурожаатни ўрганиш доирасида “OMADLI YURT FAROVONLIGI” МЧЖ раҳбар ва масъул ходимларига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг” мурожаатлари тўғрисидаги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўрганиш ишлари якуни билан эса амалга оширилмаган авиарейс чиптасининг пули истеъмолчига тўлиқ қайтарилишига эришилди.

Адхамжон Хамидов
Қува туман жамияти раиси