Истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатилди

Истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатилди

2019 йилнинг 11 июн куни Риштон туманида эсган шамол ўзи билан бирга ёмғирни ҳам олиб келди. Ёғаётган ёмғир дўлга айланиб, бироз одамларни ваҳимага солди. Қисқа муддат ичида ариқлар лиммо-лим сувга тўлиб, мевали дарахтларга ҳам бироз зарар етди.

Шу куни туманнинг Пандигон қишлоғи Шодлик кўчасидаги терак дарахти шамолга дош беролмай синиб, электр симёғоч устига қулаган. Юзага келган қисқа туташув оқибатида шу маҳаллада яшовчи фуқаро Н.Юнусовнинг хонадонидаги баъзи электр буюмларига, шу жумладан электр ҳисоблагичга ҳам зарар етган.

Шундоқ ҳам зарар кўриб турган истеъмолчи, электр ҳисоблагични алмаштириш ҳам унинг зиммасида эканлигидан ташвишга тушиб, Ўзбекистон  истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 10-91 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат этади ва бу борада амалий ёрдам сўрайди.

Фуқаронинг мурожаати тааллуқлиги бўйича Риштон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушгандан сўнг, туман жамияти мутахассислари мурожаатни жойига бориб ўрганиш ишларига туман электр таъминоти корхонаси масъул ходимлари Қ.Абдуллаев ва Н.Бозоровларни ҳам жалб қилган ҳолда ҳамкорликда ўрганув ишлари олиб бордилар.

Ўрганувда фуқаронинг мурожаатида келтирилган важлар асосли эканлиги маълум бўлиб, мутахассислар томонидан фуқаро иштирокида далолатнома расмийлаштирилди. Олиб борилган ишлар натижасига кўра, туман электр таъминоти корхонаси томонидан хонадондаги электр ҳисоблагич бепул алмаштириб берилишига эришилди.

Хусниддин Латипов

Риштон тумани ИҲҲҚ жамияти ҳуқуқий ҳимоя бош мутахассиси

(расмда хонадондаги зарар етган электр ҳисоблагич)

Отправить комментарий