Чегирма берган сотувчи ойлик тўлов ундиришда буни эсдан чиқариб қўйдими?

Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Қашқар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Н.нинг муддатли тўлов асосида харид қилинган маҳсулотлар учун график асосидаги тўловдан ортиқча пул ундирилиши ҳолати юзасидан мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, у туманнинг Рапқон қишлоғида жойлашган савдо дўконида товарларни муддатли тўловга харид қилишда ойлик акция кетаётганлиги, айрим товарлар учун чегирма белгиланганлигини эшитиб, ўз эҳтиёжи учун умумий суммаси 10 411 800 сўм бўлган музлатгич ва мебел жамланмасини чегирма асосида 7 035 000 сўмга ёки ойига 586 250 сўмдан тўлаб бориш шарти билан харид қилади. Бироқ навбатдаги ойлик тўловни амалга ошириш учун келганида ундан ойлик тўлов учун 870 000 сўм олишади.

Туман жамияти ходимлари томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида истеъмолчи томонидан келтирилган важларнинг асосли эканлиги, сотувчи вакили ойлик тўлов суммасини ҳисоблаб чиқаришда техник хатоликка йўл қўйгани, ойлик тўлов суммаси чегирмани инобатга олмасдан ҳисоблаб юборилганлиги маълум бўлди. Истеъмолчи иштирокида ўтказилган ўрганиш жараёнида сотувчи истеъмолчидан узр сўраб, ушбу жараёндаги томонларнинг келишувига кўра, ошиқча олинган 283 750 сўм маблағ навбатдаги ойлик тўловга қўшган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинадиган бўлди.

Бахтиёр Жўраев,
туман жамияти мутахассиси.