Федерация аъзолари қўллаб-қувватланмоқда

Федерация аъзолари қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Учкўприк туман жамияти ходимлари тизимли асосда тумандаги ташкилот, корхона, муассасаларда ташкилланган таянч гуруҳлари фаоллари билан учрашиб, “Истеъмолчилик ҳуқуқингизни биласизми?”, “Биз барчамиз истеъмолчимиз” каби мавзуларда давра суҳбати, ўқув семинарлари ўтказиб келмоқда. Тадбирлар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олиши баробарида, уларни қийнаб турган муаммолар қонун доирасида ҳал этилишига эришилмоқда.

Жумладан, 25-мактаб ўқитувчиси, Федерация аъзоси С. Абдуллаева тумандаги кредит савдо дўконларининг биридан маиший техника сотиб олган. Тўловларни жадвал асосида тўлаб келаётган пайтда турмуш ўртоғининг тоби қочиб, тўловларни вақтида амалга оширолай қолган. Натижада, кредит савдо дўкони томонидан масалани судга оширилиши ҳақида огоҳлантирилган. Юқоридаги ҳолат бўйича жамият мутахассислари аралашуви билан тўлов муддати фоизсиз бир ҳафта муддатга узайтирилишига эришилди.

Тиббиёт тизимида ҳамшира бўлиб ишлаб келаётган Махлиё Тоштемирова ҳам Федерация аъзоси. У қизини мактабгача таълим муассасасига қамраб олинишига амалий ёрдам кўрсатилишини сўради. Ўтказилган суҳбат давомида у 5 ёшли қизчасига давлат хизматлари маркази томонидан йўлланма олган бўлсада, ҳудудидаги мактабгача таълим муассаси айни пайтда бола сони кўплигини важ қилиб кўрсатиб, қўшимча ўрин йўқлигини айтаётганлигини билдирди.

Жамият раиси Л. Шодмонов томонидан мазкур таълим муассасаси мудираси билан учрашиб, масалани музокаралар йўли билан ҳал қилинди ва М. Тоштемированинг қизи ушбу муассасага жойланди.

Бугунги кунда юқоридаги тадбирлар тизимли асосда давом эттирилмоқда.

 

 Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,

Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси

Отправить комментарий