Чиқинди олиб кетилмаса ҳам қарздорлик ҳисобланадими?
Маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш – аҳолига кўрсатиладиган муҳим коммунал хизматлардан биридир. Бироқ айрим ҳудудларда ушбу хизмат сифати бўйича муаммолар ҳануз учраб турибди. Айниқса, хизмат кўрсатилмаган бўлса-да, истеъмолчиларга қарздорлик ҳисобланиши, тўлов квитанцияси берилмаслиги ёки оммавий шартнома шартларига риоя этилмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Яқинда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа ишонч телефони орқали Қува туманидан келиб тушган иккита мурожаат ҳам айнан шу каби муаммоларни юзага чиқарди.
Қува тумани Янгихаёт МФЙда яшовчи фуқаро Х. Д. мурожаатида чиқинди олиб кетиш хизмати мунтазам кўрсатилмаётгани, амалга оширилган тўловлар учун квитанция берилмагани ҳамда асоссиз қарздорлик ҳисобланаётгани ҳақида маълум қилган. Камига қарздорлик бартараф этилмаса электр энергиясидан узилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилгани ҳам истеъмолчининг ҳақли норозилигига сабаб бўлган.
Мурожаат юзасидан Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари жойига чиқиб ўрганиш олиб борди. Ўрганиш давомида хизмат кўрсатувчи корхонага оммавий шартнома ҳамда истеъмолчининг шахсий ҳисобварағи бўйича маълумотларни тақдим этиш юзасидан сўров юборилган бўлса-да, унга жавоб берилмагани қайд қилинди.
Шунингдек, истеъмолчининг тўловларни мунтазам амалга оширганига қарамай, чиқиндилар оммавий шартномада белгиланган муддатларда эмас, бир ой ёки бир ярим ойда бир марта олиб кетилгани маълум бўлди.
Қува тумани Деҳқонобод МФЙда яшовчи фуқаро С. Т. эса икки ой давомида маиший чиқиндилар умуман олиб кетилмаганини, шунга қарамай кўрсатилмаган хизмат учун қарздорлик ҳисобланганини билдириб мурожаат қилган.
Ўрганиш жараёнида маҳалла масъуллари ҳам чиқиндилар май ва июн ойларида олиб кетилмаганини далолатнома билан тасдиқлаган. Шунга қарамай истеъмолчига кўрсатилмаган хизмат учун 98 минг сўм нореал қарздорлик ҳисоблаб борилгани аниқланган.
Ҳар иккала мурожаатни ўрганиш давомида хизмат кўрсатувчи корхона томонидан оммавий шартнома талабларига риоя қилинмагани аниқланди.
Амалдаги тартибга кўра, якка тартибдаги турар жойлардан маиший чиқиндилар сигнал асосида камида ҳафтасига бир марта олиб чиқилиши лозим. Бироқ ўрганиш натижалари ушбу талаб амалда бажарилмаганини кўрсатди.
Шунингдек, мутахассислар томонидан ўрганиш якунида хизмат кўрсатувчи корхона фаолиятида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19 ҳамда 21-моддалари талаблари бузилгани қайд этилди.
Мурожаатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар ваколат доирасида кўриб чиқилиши учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасига юборилди. Шу билан бирга хизмат кўрсатувчи корхона раҳбарияти ва ходимларига истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Мазкур икки ҳолат шуни кўрсатадики, коммунал хизматлар учун тўлов ундиришнинг ўзи етарли эмас. Хизмат аввало сифатли, ўз вақтида ва оммавий шартнома шартларига мувофиқ кўрсатилиши лозим.
Агар истеъмолчига хизмат кўрсатилмаган бўлса, асоссиз қарздорлик ҳисобланган бўлса ёки тўлов тасдиқловчи ҳужжатлар берилмаса, бундай ҳолатларга бефарқ қараб бўлмайди. Қонун истеъмолчига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини беради.
Шундай вазиятга дуч келсангиз, 1091 қисқа ишонч телефони орқали ёки murojaat.istemol.uz электрон платформаси ёрдамида мурожаат қилишингиз, шунингдек Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда унинг ҳудудий ташкилотлари кўмагидан фойдаланишингиз мумкин. Бу кўплаб низоларни судгача бўлган босқичда қонуний ва самарали ҳал этишга хизмат қилади.



Post Comment