Истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилди
Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро С.М. хонадонига суюлтирилган газ баллони икки ой давомида етказиб берилмаганидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилди.
Мурожаат Тошлоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиб, «Ҳудудгаз Фарғона» ГТФ Тошлоқ тумангаз бўлимига расмий мурожаат йўлланди. Жамият хатида суюлтирилган газни етказиб беришдаги кечикишлар юзасидан белгиланган тартибда чора кўриш сўралди.
Киритилган хат асосида фуқаронинг мурожаати ўрганилиши натижасида хонадонга тасдиқлаган режа-жадвал асосида имтиёзли нархда суюлтирилган газ баллони етказиб берилгани маълум қилинди. Шунингдек, хонадонда табиий газдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш зарурлиги бўйича тушунтириш берилган.
Мазкур ҳолат истеъмолчи коммунал хизмат билан боғлиқ муаммога дуч келганда, белгиланган тартибда мурожаат қилиши муҳимлигини кўрсатади. Бу ҳолатда ҳам фуқаронинг мурожаати тегишли ташкилотга йўналтирилиб, масала ўрганилди ва ижобий ҳал этишга эришилди.



Post Comment