Қувасойда аҳолининг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлиги оширишни кўзда тутувчи тадбир ўтказилди

Қувасойда аҳолининг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлиги оширишни кўзда тутувчи тадбир ўтказилди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида Қувасой шаҳридаги «Мўян» ва «Боғбон» маҳаллаларида аҳоли иштирокида семинар ташкил этилди.

Унда фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва молиявий саводхонлигини ошириш, истеъмолчилар дуч келаётган муаммоли вазиятлар, шартномавий муносабатларда эътиборли бўлиш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар давомида иштирокчиларга кундалик ҳаётда учрайдиган истеъмолчилик муносабатларида ҳуқуқ ва мажбуриятларни билиш, хизмат ва товарларни танлашда масъулиятли ёндашиш, шартнома шартларига эътибор бериш муҳимлиги тушунтирилди. Шунингдек, молиявий қарорларни қабул қилишда эҳтиёткорлик ва мавжуд ҳуқуқий имкониятлардан тўғри фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Бундай учрашувлар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан бир қаторда, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни амалда ҳимоя қила олишига хизмат қилади. Зеро, ўз ҳуқуқини яхши билган ва молиявий жиҳатдан саводли фуқаро турли муаммоли ҳолатларда тўғри қарор қабул қила олади.

Тадбир Қўмитанинг бу борадаги алоҳида буйруғида белгиланган вазифалар, жумладан, аҳоли, хусусан, ижтимоий-иқтисодий қийин вазиятга тушиб қолган фуқаролар ва уй бекаларининг ҳуқуқий билими ҳамда молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган семинарларни маҳаллаларда ташкил этиш вазифалари доирасида ўтказилди.

Зеро, ўз ҳуқуқини билган истеъмолчи — ўз манфаатини ҳимоя қила олади!

Post Comment