Марказлашган иссиқлик тармоғига уланмаган хонадонга 745 минг сўм қарз қаердан пайдо бўлди?
Коммунал тўловлардаги қарздорликнинг ҳар бир сўми асосли бўлиши керак. Акс ҳолда, истеъмолчида табиий савол туғилади: фойдаланилмаган хизмат учун нима сабабдан тўлов ҳисобланмоқда?
Фарғона туманида яшовчи фуқаро Ш. А. ҳам шундай масала юзасидан туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Унинг мурожаатида хонадонга иссиқлик таъминотидан 745 000 сўм қарздорлик ҳисобланганидан норозилиги билдирилган.
Мурожаат асосида масъул ходимлар иштирокида хонадон ҳолати ўрганилди. Шу йил 8 сентябр куни тузилган далолатномада хонадоннинг марказий иссиқлик тармоғига уланмагани қайд этилди.
Ўрганиш натижалари Фарғона вилояти “Иссиқликтаъминоти” МЧЖга маълум қилиниб, мавжуд ҳолат асосида истеъмолчи ҳисобидаги қарздорлик масаласини тегишли тартибда кўриб чиқиш чоралари белгиланди. Фуқарога эса келгуси 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсуми учун иссиқлик таъминоти бўйича шартнома масаласини қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш тавсия қилинди.
Бу ҳолат истеъмолчиларга муҳим эслатма: коммунал хизматлар бўйича ҳисобланган тўловлар тушунарсиз бўлса, уни шунчаки қарз сифатида қабул қилиб қўймасдан, ҳисоб-китобнинг асосини сўраш ва зарур ҳолларда ҳолатни далолатнома билан расмийлаштириш керак.
Чунки ҳар бир истеъмолчининг ҳуқуқи бор — кўрсатилаётган хизмат ва унинг учун ҳисобланаётган тўлов ўртасида аниқлик бўлиши шарт. Бу мурожаат ҳам муаммонинг ҳужжатлар асосида ўрганилиши муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.



Post Comment