Фойдаланилмаган газ учун 468 минг сўм қарздорлик ҳисобланган
Коммунал тўловларда пайдо бўлган қарздорлик ҳар доим ҳам истеъмолчининг ҳақиқий қарзи бўлмаслиги мумкин. Бундай вазиятда ҳисоб-китобни текширтириш ва ўз ҳуқуқини қонуний тартибда талаб қилиш муҳим.
Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Д. С. хонадонига табиий газ таъминоти бўйича 468 000 сўм миқдорида нореал қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб, Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мурожаат асосида жамият томонидан “Ҳудудгаз Фарғона” ГТФ раҳбари номига сўровнома киритилиб, хонадон бўйича ҳисоб-китоблар қайта ўрганилди.
Ўрганиш натижасида фуқаронинг мурожаатида кўрсатилган ҳолат ўз тасдиғини топди. “Ҳудудгаз Фарғона” томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, хонадондаги табиий газ бўйича ҳисоб-китоб қайта кўриб чиқилиб, 468 000 сўмлик нореал қарздорлик бартараф этилди.
Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим сабоқ: коммунал хизматлар бўйича ҳисобланган қарздорлик тушунарсиз ёки асоссиз кўринса, уни шунчаки тўлашга шошилмасдан, ҳисоб-китоб асосини сўраш, мавжуд ҳужжатларни текшириш ва зарур ҳолларда мурожаат қилиш керак. Д. С.нинг ташаккурнома хатида ҳам муаммони ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирилган.
Хулоса шуки: ҳисоб-китобда хато бўлса, истеъмолчи бунга бефарқ қараб турмаслиги керак. Ўз ҳуқуқини билиш ва асосли равишда талаб қилиш — муаммонинг қонуний ечимини топишга хизмат қилади.



Post Comment