Техникумларда жамоатчилик мониторинги: таълим шароитлари ўрганилмоқда

Техникумларда жамоатчилик мониторинги: таълим шароитлари ўрганилмоқда

Фарғона вилоятидаги профессионал таълим муассасаларида жамоатчилик мониторинги — кузатув ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Бугун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси Ишчи гуруҳи томонидан Қувасой шаҳридаги техникум ҳамда Фарғона туманидаги 3-сон техникумда жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилди.

Ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад — таълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар учун яратилган шароитларни кузатиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлашдан иборат.

Мониторинг жараёнида таълим муассасаларининг бино ва хоналари ҳолати, мавсумга тайёргарлиги, иситиш тизимларининг ишлаши, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, хавфсизлик чоралари ва ўқувчилар учун зарур шароитлар яратилганлиги каби масалаларга эътибор қаратилди.

Бундай кузатув ва ўрганишлар таълим муассасаларидаги мавжуд ҳолатни холис баҳолаш, ўқувчи-ёшларнинг манфаатларига дахлдор масалаларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Федерациянинг мазкур йўналишдаги фаолияти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий соҳа объектларида хизматлар сифати ва хавфсизлигига эътиборни кучайтириш, шунингдек, жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантиришга қаратилган.

Ўрганишлар натижалари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши, заруратга кўра, уларни ваколатли ташкилотларга киритиш чоралари кўрилади.

Post Comment