6 миллион сўмдан ортиқ жарима бекор қилинди: фуқаро ҳуқуқи судда ҳимояланди
Текширувдаги камчиликлар ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартибига оид саволлар фуқарога нисбатан қўлланилган жариманинг бекор қилинишига асос бўлди.
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида яшовчи М.И. ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Унинг эътирози Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходими томонидан ўтказилган текширув ва қўлланилган жарима билан боғлиқ эди.
Фуқаро М.И.нинг аризасида баён этилишича, инспекция вакили у масъул ходим бўлиб ишловчи Марғилон шаҳридаги 8-мактаб ҳудудида сув ҳисоблагичларини текширган. Фуқаронинг таъкидлашича, мактабдаги иккита сув ҳисоблагич ишчи ҳолатда бўлиб, уларнинг кўрсаткичлари асосида мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан сув учун тўловлар ҳар ойда амалга ошириб келинган.
Шунингдек, аризада сув ҳисоблагичлари қурилиш ташкилоти томонидан ўрнатилгани, мактаб биноси яқинда таъмирдан чиқарилгани ва қурувчи томонидан ҳали далолатнома асосида топширилмаганини фуқаро тушунтиришга уринганига қарамасдан, текширув натижаларига кўра, унга нисбатан 6 миллион 180 минг сўм жарима қўлланган. Фуқаро эса мазкур ҳолатда ўзининг айби йўқлигини билдириб, жаримани бекор қилишда амалий ва ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мазкур масала судда кўриб чиқилди. Суд иш материаллари, текширув ҳужжатлари ва тарафларнинг тушунтиришларини ўрганиб, жарима қўллашга асос бўлган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берди.
Суд ҳужжатида текширув жараёни ва маъмурий ишни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилиниб, фуқарога нисбатан қўлланилган жаримани бекор қилиш учун асослар мавжудлиги қайд этилди.
Натижада, М.И.га нисбатан қўлланилган 6 миллион 180 минг сўм жаримани бекор қилиш ҳақидаги талаб қаноатлантирилди. Шунингдек, ҳужжатда давлат божини инспекциядан ундириш масаласи ҳам ҳал этилди.
Мазкур воқеа ҳар қандай текширув ва маъмурий ишда ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши, ҳолатларнинг холис ўрганилиши ҳамда фуқарога ўз эътирозларини билдириш имконияти берилиши муҳимлигини кўрсатади.
Агар фуқаро ўзига нисбатан қўлланилган жаримани асоссиз деб ҳисобласа, текширув ҳужжатлари билан танишиши, мавжуд далилларни тўплаши ва белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Зарур ҳолларда ҳуқуқий ёрдам сўраш ва судга мурожаат қилиш ҳам ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг қонуний усулларидир.
Энг муҳими — ўз ҳуқуқларингизни билинг, ҳужжатларни сақланг ва қарорлардан норози бўлсангиз, қонуний тартибда эътироз билдиришдан чўчиманг.



Post Comment