УЙ БОШҚАРУВИ: ТЎЛОВ, ХИЗМАТ ВА ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ

УЙ БОШҚАРУВИ: ТЎЛОВ, ХИЗМАТ ВА ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ

Бошқарув ташкилоти аҳолидан тўлов талаб қилар экан, ўз зиммасидаги мажбуриятларни ҳам бажариши, сарфланган маблағлар ва кўрсатилган хизматлар юзасидан ҳисобот бериши шарт.

Кўп қаватли уйда яшаш фақат ўз хонадонингиз эмас, балки барча хонадон эгаларига умумий бўлган мулкнинг ҳам дахлсизлиги, хавфсизлиги ва сақланишига эътибор қаратишни англатади. Томнинг созлиги, кириш йўлакларининг ҳолати, лифтларнинг ишлаши, ертўлалар, муҳандислик тармоқлари ва уйга туташ ҳудудларнинг ободлиги — буларнинг барчаси аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади.

Бироқ амалиётда айнан шу масалалар юзасидан фуқаролар билан уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув сервис компаниялари ўртасида турли келишмовчиликлар келиб чиқмоқда. Айрим ҳолларда аҳоли хизматлар ўз вақтида бажарилмаётганидан норози бўлса, бошқа ҳолатларда тўловларнинг ҳуқуқий асоси, қарздорлик ҳисоб-китоблари ва бошқарув ташкилотининг мажбуриятлари юзасидан саволлар туғилмоқда.

Энг муҳими, бундай муаммоларни ҳал этишда фуқаро ҳам, бошқарув ташкилоти ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ билиши лозим.

Рақамлар муаммонинг кўламини кўрсатмоқда

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида жами 1 634 та мурожаат келиб тушган. Шундан 319 таси коммунал хўжалик, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув сервис компаниялари фаолияти билан боғлиқ муаммоларга тааллуқли бўлган.

Мурожаатларда фуқаролар, асосан, шартнома масалаларига ойдинлик киритилмаган ҳолда тўлов талаб қилинаётгани, хизматлар тўлиқ ёки сифатли кўрсатилмаётгани, шунингдек, қарздорлик ҳисоб-китоблари юзасидан эътирозлар билдиришган.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида туман ва шаҳар жамиятлари қошида ташкил этилган «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали 515 нафар фуқарога бепул ҳуқуқий маслаҳат берилган. Уларнинг 97 таси айнан коммунал хўжалик, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув сервис компаниялари фаолияти билан боғлиқ масалаларни қамраб олган.

Бу рақамлар аҳоли учун нафақат сифатли хизмат, балки тўловларнинг асослилиги, бошқарув ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва ҳуқуқий ахборотнинг очиқлиги ҳам муҳим эканини кўрсатади.

Шартнома бўлмаса, тўлов талаб қилиш мумкинми?

Фуқаролар орасида тез-тез учрайдиган саволлардан бири: «Бошқарув сервис компанияси билан шартнома тузмаган бўлсам, у мендан тўлов талаб қилишга ҳақлими?»

Ушбу масала Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги ЎРҚ-581-сонли «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.

Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан ҳар бир жой мулкдори ўртасида ёзма шаклда, умумий йиғилиш қарорларида белгиланган шартлар асосида тузилади. Шартномада умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлашга оид хизматлар ҳамда ишлар рўйхати, тўловни белгилаш ва амалга ошириш тартиби, шунингдек, бажарилган ишлар бўйича ҳисобот бериш шартлари акс эттирилиши лозим.

Шу билан бирга, шартнома нусхасининг фуқарода мавжуд эмаслиги ёки унинг имзоланмагани тўлов мажбурияти автоматик равишда бекор бўлади, деган маънони англатмайди. Кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш харажатларида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этадилар.

Бироқ бу бошқарув ташкилоти исталган миқдордаги маблағни ўзбошимчалик билан талаб қилиши мумкинлигини ҳам англатмайди. Тўловнинг ҳуқуқий асоси, унинг миқдори, тегишли умумий йиғилиш қарори ва бошқарув шартлари аниқ бўлиши керак.

Фуқаро нимани талаб қилиши мумкин?

– Бошқарув шартномаси билан танишиш ва унинг нусхасини олиш.
– тўлов миқдори қандай белгилангани ҳақида маълумот сўраш.
– умумий йиғилиш қарорлари ва хизматлар рўйхати билан танишиш.
– талаб қилинаётган қарзнинг даври, миқдори ва ҳисоб-китоб асосларини текшириш.

Демак, тўлов талаб қилинганда фуқаро унинг ҳуқуқий асосини билишга ҳақли, бошқарув ташкилоти эса ўз талабларини ҳужжатлар билан асослай олиши лозим.

Тўлов бор — хизмат ҳам бўлиши керак

Кўп қаватли уйда яшовчилар учун энг оғриқли масалалардан бири — мунтазам тўлов қилинаётган бўлса-да, умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаётганидир.

Масалан, томдан ёмғир суви ўтади, кириш йўлакларидаги чироқлар ишламайди, лифт тез-тез носоз ҳолатга келади ёки умумий ҳудуддаги таъмирлаш ишлари кечиктирилади. Бундай вазиятда аҳоли бошқарув ташкилотидан ўз вазифаларини бажаришни талаб қилишга ҳақли.

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунга кўра, уйни бошқаришнинг асосий мақсади аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш шароитларини таъминлаш, умумий мол-мулкни лозим даражада сақлаш ва ундан фойдаланиш масалаларини ҳал этишдан иборат.

Шунинг учун бошқарув ташкилоти фақат тўловларни йиғиш билан чекланмаслиги керак. Унинг зиммасидаги вазифалар қаторига шартномада белгиланган хизматларни кўрсатиш, зарур таъмирлаш ишларини ташкил этиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш ва мулкдорларга фаолияти юзасидан ҳисобот бериш ҳам киради.

Фуқаро хизматлар бажарилмаётгани ёки сифатсиз кўрсатилаётганидан норози бўлса, муаммони фото ва видео орқали қайд этиши, бошқарув ташкилотига ёзма мурожаат қилиши, камчиликларни бартараф этиш ва бажарилган ишлар ҳақида маълумот беришни талаб қилиши мумкин.

Бунда хизмат кўрсатилмаганининг ўзи барча тўловларни бир томонлама тўхтатиш учун автоматик асос бўлмаслигини ҳам унутмаслик керак. Тўлов мажбурияти ва қайта ҳисоб-китоб масаласи шартнома, қонунчилик, бажарилган ишлар ҳамда аниқ ҳолатдан келиб чиқиб баҳоланади.

Хизмат кўрсатилмаган бўлса, қандай йўл тутиш керак?

Фуқаронинг эътирози асосли бўлиши учун уни ҳужжатлар билан мустаҳкамлаш муҳим. Масалан, кириш йўлаги узоқ вақт тозаланмаётган бўлса, том таъмирланмаётган ёки бошқа камчилик бартараф этилмаётган бўлса, бу ҳолатларнинг санаси ва хусусиятини қайд этиш лозим.

Шундан сўнг бошқарув ташкилотига ёзма мурожаат юбориб, қуйидагиларни сўраш мумкин:

1. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш.
2. Шартномада белгиланган хизматлар ва ишлар рўйхати билан таништириш.
3. Бажарилган ишлар ва сарфланган маблағлар бўйича ҳисобот тақдим этиш.
4. Тўловлар ва қарздорлик бўйича батафсил ҳисоб-китоб бериш.
5. Қонунчилик ва шартнома асослари мавжуд бўлган ҳолларда тегишли қайта ҳисоб-китобни амалга ошириш.

Масалан, фуқаро зиммасига қарздорлик юклатилган бўлса, у қарз қайси давр учун ҳисоблангани, қандай тариф ёки тўлов миқдори қўллангани ва ҳисоб-китоб қандай амалга оширилганини билиши керак. Тушунарсиз ёки асоссиз ҳисобланган суммалар юзасидан ёзма эътироз билдириш мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, хизматнинг сифати ва ҳажмини баҳолашда фақат бир кунлик ҳолат эмас, балки шартномада белгиланган вазифалар, уларнинг даврийлиги, бажарилиш муддати ва натижаси ҳисобга олинади.

Фуқаро ўз ҳисобидан таъмирлаш ишларини бажарса-чи?

Амалиётда баъзан бошқарув ташкилоти ўз вақтида бажармаган ишни аҳолининг ўзи амалга оширади. Масалан, фуқаро умумий ҳудуддаги айрим камчиликларни бартараф этиш ёки таъмирлаш ишларини ўз маблағи ҳисобидан бажаради. Шундан сўнг у сарфлаган маблағини бошқарув тўловларидан чегириб ташлаш мумкинми, деган саволга дуч келади.

Бу масалада шошилинч қарор қабул қилиш тўғри эмас. Фуқаронинг ўз маблағи ҳисобидан иш бажаргани сарфланган сумма автоматик равишда ойлик тўловдан чегирилади, дегани эмас.

Аввало, бажарилган иш умумий мол-мулкка тааллуқлими, уни амалга ошириш бошқарув ташкилоти билан келишилганми, зарур қарорлар қабул қилинганми ва харажатлар ҳужжатлар билан тасдиқланганми — шу жиҳатлар аниқланиши лозим.

Энг мақбул йўл — таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин бошқарув ташкилотига ёзма мурожаат қилиш, иш ҳажми ва сметасини келишиш, зарур ҳолларда мулкдорларнинг умумий йиғилиши қарорига эришишдир. Иш якунлангач, тўлов чеклари, бажарилган ишлар далолатномаси ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилиши керак.

Шундан кейин харажатни қоплаш ёки тўловларни ҳисоб-китоб қилиш масаласини тегишли ҳуқуқий асос ва келишув доирасида ҳал этиш мумкин. Бундай келишув бўлмаса, фуқаро сарфлаган маблағ автоматик равишда бошқарув тўловидан айирилмаслиги мумкин.

Шу сабабли, фуқароларга ўз ҳисобидан таъмирлаш ишларини амалга оширишдан олдин уларни келишиб олиш, бошқарув ташкилотининг жавобини ёзма равишда олиш ва харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш тавсия этилади.

Бошқарув ташкилоти қанчалик очиқ ва ҳисобдор?

Кўп квартирали уйни самарали бошқариш фақат техник хизмат кўрсатиш билан эмас, балки молиявий очиқлик билан ҳам белгиланади.

Мулкдорлар ўзлари тўлаётган маблағлар нималарга сарфланаётганини, қайси ишлар режалаштирилганини ва қайси ишлар бажарилганини билишлари керак. Шу боис бошқарув ташкилотлари йиллик ишлар режаси, даромад ва харажатлар сметаси, унинг ижроси ҳамда бажарилган ишлар ҳақидаги маълумотларни мулкдорларга тақдим этиши муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий маслаҳат порталида ҳам кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг вазифалари қаторида ҳар бир уй бўйича ишлар режасини, даромад ва харажатлар сметасини ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлаш зарурлиги кўрсатилган.

Аҳоли ҳам уйни бошқаришга бефарқ бўлмаслиги лозим. Мулкдорларнинг умумий йиғилишларида иштирок этиш, муаммоларни жамоавий муҳокама қилиш, бажарилган ишлар бўйича ҳисоботларни ўрганиш ва асосли таклифлар билдириш уй-жой бошқарувини яхшилашга хизмат қилади.

Муаммо ҳал этилмаса, қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Агар бошқарув ташкилотига юборилган мурожаат натижа бермаса ёки фуқаронинг қонуний талаби бажарилмаса, масалани ваколатли идораларга олиб чиқиш мумкин.

Фуқаро кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги ваколатли давлат органларига, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиши мумкин. Қонунчиликда белгиланган тартибда суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Мурожаатга шартнома, тўлов ҳужжатлари, қарздорлик ҳисоб-китоблари, бошқарув ташкилоти билан ёзишмалар, фото-видео материаллар ва бошқа далилларни илова қилиш мақсадга мувофиқ.

Фарғона вилоятида фаолият юритаётган «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхоналари ҳам фуқароларга ўз ҳуқуқларини англаш ва муаммоли вазиятларда ҳуқуқий йўл-йўриқ олишда ёрдам беради.

Ҳуқуқ ва мажбурият — икки томонлама масъулият

Кўп квартирали уйни бошқаришда фуқаро ва бошқарув ташкилоти ўртасидаги муносабатлар ўзаро масъулиятга асосланиши керак. Мулкдор умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ қонуний мажбуриятларини бажариши, тўловларнинг асосини билиши ва сифатли хизмат талаб қилиши мумкин. Бошқарув ташкилоти эса ўз зиммасидаги вазифаларни бажариши, маблағлардан белгиланган мақсадларда фойдаланиши ва мулкдорлар олдида ҳисобдор бўлиши шарт.

Муаммоларни ҳал этишда ўзаро айбловлардан кўра, шартнома, ҳужжатлар, ҳисобот ва қонунчилик талабларига таяниш самаралироқдир.

Унутманг: уй бошқарувида тўловнинг асослилиги, хизматнинг сифати ва маблағларнинг шаффоф сарфланиши бир-биридан ажралмас масалалардир. Ҳуқуқингизни билинг, талаб қилинг ва қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилинг!

Post Comment