Одатдагидан ортиқча шовқин чиқариб ишлаган янги кир ювиш машинаси сотувчига қайтарилди

Одатдагидан ортиқча шовқин чиқариб ишлаган янги кир ювиш машинаси сотувчига қайтарилди

Маиший техника харид қилишда унинг ташқи кўриниши ва нархигагина эмас, балки ишлаш сифатига ҳам эътибор бериш керак. Чунки янги харид қилинган маҳсулотдан фойдаланиш жараёнида кутилмаган муаммолар юзага келиши мумкин.

Риштон туманида яшовчи фуқаро Д.Н. Боғдод туманидаги «Меҳр» савдо марказидан 2 миллион 400 минг сўмга «Ziffler» русумли кир ювиш машинасини харид қилган. Бироқ техника хонадонга олиб келиниб, ишлатиб кўрилганида, одатдагидан ортиқча овоз (шовқин) чиқариб ишлаган.

Харидор бундай ҳолатдан норози бўлиб, кир ювиш машинасини алмаштириб беришни сўраб савдо марказига мурожаат қилган. Аммо сотувчи томонидан уни алмаштириб бериш масаласи ҳал этилмагани сабабли истеъмолчи Федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Фуқаронинг мурожаати Боғдод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилди. Жараёнга тегишли ташкилотлар мутахассислари жалб қилиниб, ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Натижада, маиший техника савдо марказига қайтарилиб, истеъмолчига харид қилинган кир ювиш машинаси учун тўланган 2 миллион 400 минг сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди.

Шу ўринда харидорларга маиший техника харид қилаётганда маҳсулотнинг ишлашини текширишни, кафолат ҳужжатларини олишни ва тўловни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш муҳимлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Агар маиший техникадан фойдаланиш жараёнида нуқсон ёки ишлашда муаммо аниқланса, сотувчига ўз эътирозингизни билдириб, талабингизни белгиланган тартибда расмийлаштиринг.

Ёдда тутинг: истеъмолчи харид қилган маҳсулотидан сифатли ва белгиланган талабларга мувофиқ фойдаланишга ҳақли. Ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш учун тегишли истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Истеъмолчи ҳуқуқлари — эътиборсиз қолдирилмаслиги керак бўлган ҳуқуқлардир!

Post Comment