Мажбурият муддатидан олдин бажарилган, лекин …

Мажбурият муддатидан олдин бажарилган, лекин …

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Ёзёвон тумани “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Г. Х. муддатли тўловга олинган товар учун тўловлар тўлиқ бартараф қилинган бўлсада, орадан муайян вақт ўтиб, бу борада келиб чиққан тушунмовчиликлар бўйича ёзма равишда мурожаат қилган.

Мурожаатда кўрсатилишича фуқаро 2022 йил апрель ойида Тошлоқ туманида жойлашган “Garant” МЧЖга қарашли кредит дўконидан 310 000 сўмлик аёллар сумкасини қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида харид қилган бўлсада, апрель ойининг ўзида 200 000 сўм, май ойига ўтиб қолган 120 000 сўмини тўлаб, ўз мажбуриятларини муддатидан илгари бажариб қўйган. Бироқ 2023 йилга ўтиб унинг телефонига кредитдан бўлган қарздорликни тўлаш бўйича қатор-қатор СМСлар кела бошлагач, истеъмолчи дўконнинг кредит бўлим бошлиғига масала бўйича мурожаат қилган. Сотувчининг масъул вакили томонидан шартнома ходимнинг айби билан ёпилмай қолган бўлиши мумкинлиги айтилиб, масалага ойдинлик киритиб берилиши ваъда қилинган бўлсада, унинг мурожаатидан сўнг ҳам вақти-вақти билан СМСлар келиши тўхтамаган.

Мурожаат туман жамияти мутахассислари ҳамда кредит дўкони мутасаддилари ҳамкорлигида ўрганилиши жараёнида истеъмолчининг аризасида кўрсатилган важларнинг асосли эканлиги, у ҳақиқатан ҳам ўз мажбуриятларини муддатидан илгари бажариб қўйганлиги, лекин сотувчи томонидан бу борадаги ўз мажбуриятлари тўлиқ охирига етказмаганлиги сабабли истеъмолчига СМСлар бориб турганлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари доирасида тушунмовчиликка ва бунинг ортидан истеъмолчининг маънавий зарар кўришига барҳам берилишига эришилди.

Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment