Мижоз йўқотишдан қўрқмаган тадбиркорнинг келажаги шубҳа остида қолиши мумкин

Мижоз йўқотишдан қўрқмаган тадбиркорнинг келажаги шубҳа остида қолиши мумкин

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Маориф” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ф. Ш.нинг умумий овқатланиш шоҳобчасида буюртма қилинган таомнинг сифатига қилган эътирози инобатга олинмаганлиги юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчининг маълум қилишича, у шаҳардаги ошхоналарнинг биридан пиширилган товуқ гўштига буюртма берган. Буюртма бўйича келтирилган таомни истеъмол қилмоқчи бўлганида, ундан бироз ножўя ҳид келаётганлигини сезган. Бу ҳақда ўзини эътирозини билдирганида эса ошхона ходимларидан бири унга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, товуқ гўштини ҳаммасида шу каби озгина ҳид келиб туришини айтади. Ҳаттоки, буюртма қилинган таомдан ўзи еб кўрсатиб, ҳеч қандай ҳид йўқлигини ҳам “намойиш қилган”. Мижозга нисбатан ҳурматсизликни бир йўла охиригача етказиб қўйишни ният қилган ошхона ходими, унга бошқа таом берилмаслигини, эътирози бўлса юқори турувчи ташкилотларга шикоят қилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилган.

Амалдаги қонунчилик талабларига, хусусан “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотлари (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари”нинг 17-бандига кўра, мазкур ҳолатда ошхона масъул ходими, истеъмолчининг танловига кўра, белгиланган камчиликларни бепул бартараф этиш, кулинария маҳсулоти (хизматлар) учун тўлов миқдорини камайтириш, қўшимча ҳақ тўлатмасдан худди шундай таомни, кулинария маҳсулотини тайёрлаш (хизматни такроран бажариш), истеъмолчининг сифатсиз кулинария маҳсулоти сотиб олиш (хизматларни бажариш) билан боғлиқ харажатларини тўлиқ қайтариш каби чоралардан бирини кўриши лозим эди.

Истеъмолчининг мурожаатини ошхона раҳбари иштирокида ўрганиш давомида мижоз билан муносабатда ходимлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар, ушбу ҳолатдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Низо келиб чиқишига сабабчи бўлган ходим мижоздан узр сўрагач, буюртма учун тўланган 35000 сўм пул истеъмолчига қайтарилди.

Муҳаммадазиз Исақов
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси

Post Comment