Федерация фуқарога етказилган салкам 3 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарларни ундириб берди

Федерация фуқарога етказилган салкам 3 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарларни ундириб берди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.Ю.нинг манфаатларини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилганди. Шу кунларда мазкур даъво аризаси судда кўриб чиқилди ва масала юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Фуқаронинг ҳудудий бирлашмага мурожаат қилишига “Халқ банки” Фарғона филиалидан ўз номига кредит расмийлаштирмаган бўлсада, мазкур банкда очилган пластик картасидан олинган кредитни сўндириш учун тўлов сифатида маблағ ечилганлиги ва мазкур ҳолатда юзага келган тушунмовчиликка ўз кучи билан аниқлик кирита олмаганлиги сабаб бўлган. Ушбу мурожаатни ўрганиш доирасида, масалага аниқлик киритиш учун банк муассасасига киритилган сўров йўли билан муаммони тўлақонли ҳал қилишнинг имкони бўлмагач, ҳудудий бирлашма фуқаронинг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси киритди.

Суд мурожаатни ўрганишга тааллуқли ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, масалани фуқаронинг фойдасига ҳал қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Унга кўра, “Халқ банк”дан фуқаро М.Ю. фойдасига 2 739 574 сўм моддий ҳамда 100 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.

Фахриддин Бойназаров,
ҳудудий бирлашма ҳуқуқий ҳимоя сектори бошлиғи.

Post Comment