Истеъмолчига рад жавоби берган сотувчи масалага жамият аралашувидан сўнг ўз мажбуриятини адо этишга мажбур бўлди
Қувасой шаҳар Исфайрамсой МФЙ Миришкор кўчасида яшовчи М. Ю. харид қилинган янги мобил қурилмада кафолат муддатида юзага келган нуқсонни сотувчи томонидан бартараф этиб берилмаётганлиги ҳолати юзасидан шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у Redmi T9 русумли мазкур қурилмани ўз яшаш ҳудудидаги савдо дўконидан шу йилнинг 4 август куни 1 млн 500 минг сўмга харид қилган. Қурилмадан фойдаланишни бошлагач, унинг экран қисмида нуқсон мавжудлигини аниқлаган. Сотувчига мазкур нуқсонни бартараф этиб берилишини сўраб қилган мурожаатига рад жавоби олган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15 моддасига кўра, товарда кафолат муддати ичида нуқсонлар аниқланса, ушбу нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талабни қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида бепул бартараф этиши лозим. Сотувчи томонидан қонуннинг мазкур нормаси талабини бажарилмаслиги оқибатида ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига пеня (неустойка) тўлашига сабаб бўлади.
Ўрганиш ишлари доирасида сотувчига учрашилиб, қонуннинг юқоридаги талаблари тушунтирилди. Бундун тўғри хулоса чиқарган сотувчи мобил қурилмада аниқланган нуқсонни тез муддатларда бепул бартараф этилиши чора-тадбирларини кўрди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
Post Comment