Ёш истеъмолчининг ҳуқуқлари тиклаб берилди
Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Юқори Авазбой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.О.нинг набираси учун харид қилган болалар ўйинчоғи нуқсонли чиққанлиги ва уни алмашириш ёки пулини қайтарилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи туман марказидаги дўкондан набираси учун 270 000 сўмга пульт билан бошқариладиган ўйинчоқ юк автомашинаси харид қилган. Совғани хурсанд ҳолда қабул қилиб олган “эгаси”га уни ишлатиб кўриб, битта ғилдиракчаси мустаҳкам ўрнашмасдан, ҳадеб чиқиб кетавераётганидан шикоят қилган. Сотувчи билан юзага келган муаммо юзасидан олиб борган музокарасидан эса натижа чиқмагач, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Туман жамияти мутахассислари мазкур ҳолат юзасидан сотувчи билан учрашиб, унга нуқсонли товар сотилганда истеъмолчининг ҳуқуқлари, нуқсонли товарни алмаштириш тартиблари ва ушбу тартибларга амал қилинмаган ҳолатда сотувчига нисбатан юзага келадиган ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтиришлар берганларидан сўнг, нуқсонли ўйинчоқ бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилишига эришилди.
Хусниддин Латипов,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment