Ўз вақтида етказиб берилмаган “Damas”нинг пули қайтарилди

Ўз вақтида етказиб берилмаган “Damas”нинг пули қайтарилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида Қувасой шаҳрида яшовчи М.А.нинг “Damas” русумли автомашина харид қилиш учун имзоланган шартнома шартлари ўз вақтида бажарилмагани ва шу сабабли тўланган пулларини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига ва ушбу мурожаат асосида Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан йўлланган сўров хатига “Umid avto kompanies” МЧЖ дан 23.11.2023 йилда олинган жавоб хатига кўра, томонлар ўртасида 09.02.2023 йилда 08/02/F-08-сонли “Damas” русумли автотранспорт воситасини ижара ва кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан шартнома имзоланган бўлиб, автотранспорт воситаси тўловчи (мижоз)га 120 иш куни ичида етказиб берилиши белгилаб қўйилганлиги, шарноманинг 2.2.5-бандига кўра автотранспорт воситаси белгиланган муддатда етказиб берилмаслиги ҳолатига МЧЖ жавоб бермаслиги, ижрочи томони автотранспорт воситаси мижозга ўз вақтида етказиб берилмагани сабабли, шартноманинг 2.1.2-бандига кўра, мижозга хабарнома орқали 3 та автомашина таклиф қилингани, аммо мижоз томонидан мурожаат жавобсиз қолдирилганини важ қилиб кўрсатади. Ушбу масала юзасидан истеъмолчи М.А.га 27.02.2024 йилда берилган маълумотномада эса унинг МЧЖга 21.09.2023 йилда берган аризаси тегишли равишда қайд қилинганини, унинг пуллари 60 иш кунида, 29.03.2024 йил кунига қадар қайтариб берилишини кафолатлайди.

Ҳудудий бирлашма юқоридаги ҳужжатлар асосида, МЧЖ томонидан истеъмолчига пулларни қайтариш бўйича берилган кафолат муддатлари ўтгач, 13.04.2024 йилда Фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси тайёрлаб киритди. Шундан сўнг, МЧЖдан ҳудудий бирлашмага 24.04.2024 йил кунида шартнома, унинг бажарилиши кечикиши сабаблари баён қилинган маълумотнома ҳамда фуқарога 56 469 000 сўм пулларини қайтарилганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси нусхаси келиб тушди.

Фахриддин Бойназаров,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin