Ўн миллион сўмга харид қилинган скутер нуқсонли чиқди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Тошкент шаҳар Шайҳонтохур туманида яшовчи О.И.нинг ижтимоий тармоқлардаги рекламалардан кўриб Марғилон шаҳридан 10 373 000 сўмга харид қилинган скутерни сотувчига қайтариб, пулини қайтариб олиш масаласида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи ижтимоий тармоқларда кўрган рекламаси асосида харид қилинган скутер унга етказиб берилгач, рул ва бошқа қисмларида нуқсон мавжудлигини аниқлаб, сотувчига бу ҳақда маълум қилган. Сотувчи масофа олислиги сабабли аниқланган камчиликларни уста ёрдамида бартараф қилишни маслаҳат берган. Лекин ушбу масалада томонлар ўртасида келишувга эришилмач, Федерация ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, масалани қонуний ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Ўрганиш ишлари доирасида сотувчи – “Bolalar buyuk orzusi” савдо дўкони масъуллари билан учрашилиб, амалдаги қонунчилик талабларини тушунтириш ишлари бесамар кетмади. Нуқсонли чиққанлиги даъво қилинган скутер учун тўланган 10 373 000 сўм пул маблағи истеъмолчининг банк пластик картасига қайтарилди.
Авазбек Юсупов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment