ЯНГИ ТОК КУЧАЙТИРГИЧНИНГ БИРИНЧИ КУНДАНОҚ НУҚСОНЛИ ЭКАНЛИГИ БИЛИНИБ ҚОЛДИ
1 миллион 200 минг сўмга харид қилинган электр қурилмаси ишлатилган заҳоти тутай бошласа, харидор нима қилиши керак? Ёзёвон туманидаги ушбу ҳолат истеъмолчи ҳуқуқларини билиш қанчалик муҳимлигини кўрсатди.
Ёзёвон тумани Қоратепа маҳалласида яшовчи Х. М. туман ҳудудидаги бозорнинг маиший техника дўконидан 1 миллион 200 минг сўмга, бир йиллик кафолат муддати билан ток кучайтиргич харид қилди.
Бироқ янги қурилмани ишлатиш учун электр тармоғига улаганидаёқ ундан тутун чиқа бошлади ва куйган ҳид келди. Харидор қурилмани ишлатишни тўхтатиб, бир ҳафта ўтгач, уни дўконга олиб борди ҳамда бошқасига алмаштириб беришни сўради.
Аммо дастлаб сотувчи томонидан бу талаб бажарилмади. Натижада истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб, Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилди. Дўконга бориб ўтказилган суҳбат давомида сотувчи ҳам ток кучайтиргичда носозлик мавжудлигини, унинг ички қисми куйгани сабабли харидор қурилмани қайтариб олиб келганини тасдиқлади.
Ўрганиш жараёнида сотувчи ва харидорга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Натижада, дўкон ходимлари томонидан харидорнинг талаби қаноатлантирилиб, носоз ток кучайтиргич айнан шу русумдаги бошқа қурилмага алмаштириб берилди. Истеъмолчи муаммо ҳал этилганидан мамнунлигини билдириб, бошқа эътирози йўқлигини маълум қилди.
Маиший электр жиҳозларини харид қилишда уларнинг ташқи кўринишигагина эмас, балки ишлаш сифати, техник ҳолати ва кафолат шартларига ҳам эътибор беринг.
Агар қурилмани ишлатиш жараёнида тутун, куйган ҳид, ғайриоддий шовқин ёки бошқа носозликлар кузатилса, уни дарҳол электр тармоғидан узинг. Носоз қурилмадан фойдаланишни давом эттирманг.
Харид чеки ва кафолат ҳужжатларини сақланг. Маҳсулотда нуқсон аниқланса, сотувчига ўз талабингизни билдиринг. Масала ҳал этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилинг.
Ёдда тутинг: истеъмолчи сифатли ва хавфсиз товар харид қилиш ҳуқуқига эга. Янги харид қилинган маҳсулотда нуқсон аниқланса, ўз ҳуқуқларингизни талаб қилишдан чўчиманг!



Post Comment