ПАХТА ЁҒИНИНГ СИФАТИ ХАРИДОРНИ ҚОНИҚТИРМАДИ: МАҲСУЛОТ БОШҚАСИГА АЛМАШТИРИБ БЕРИЛДИ
Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаётганда унинг сифатига эътибор бериш муҳим. Агар маҳсулотдан норози бўлсангиз, сотувчига эътироз билдириш ва қонуний ҳуқуқларингиздан фойдаланишга ҳақлисиз.
Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро Ш.С. маҳаллий дўконлардан биридан 4 литрлик иккита идишда, жами 8 литр пахта ёғини 160 минг сўмга харид қилди. Бироқ маҳсулотни уйига олиб бориб, ундан таом тайёрланиши жараёнида ёғдан ёқимсиз ҳид келаётганини, унинг ранги ноодатий тарзда қорайиб кетганини сезди.
Харидор маҳсулот сифати талабга жавоб бермагани сабабли уни шу куннинг ўзидаёқ дўконга қайтариб олиб борди ва бошқасига алмаштириб беришни сўради. Аммо сотувчи маҳсулотни қайтариб олиш ёки алмаштиришдан бош тортди. Натижада истеъмолчи ўз норозилигини билдириб, Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Фуқаронинг мурожаати жамият мутахассислари томонидан ўрганилди. Жараёнда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан сотувчи ва харидорга тушунтиришлар берилди.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида мурожаатда кўтарилган масала ижобий ҳал этилди. Истеъмолчига харид қилган маҳсулоти учун тўланган пули қайтарилди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда уларнинг қадоғи, яроқлилик муддати, сақлаш шароити ва сифатига эътибор беринг. Маҳсулотдан фойдаланиш жараёнида унинг сифатига шубҳа туғилса, бу ҳақда сотувчига ўз вақтида хабар беринг.
Шунингдек, харид чекини сақлаш ва эътирозингизни аниқ баён қилиш кейинчалик ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Ёдда тутинг: истеъмолчи сифатли ва хавфсиз маҳсулот харид қилиш ҳуқуқига эга. Харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотининг сифати талабга жавоб бермаса, муаммони ҳал этиш учун ўз ҳуқуқларингизни билинг ва зарур ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилинг.



Post Comment