“Энг фаол таянч гуруҳи” вилоят кўрик-танлови ўтказилди
Фарғона Санъат коллежида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунини кенг тарғиб қилиш, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарори билан белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан ҳудуддаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ташкил этилган таянч гуруҳлари ўртасида “Энг фаол таянч гуруҳи” бир босқичли вилоят кўрик-танлови ўтказилди.
Мазкур кўрик-танловни юқори савияда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни асосида Давлат рақобат қўмитасининг вилоят бошқармаси ва Федерациянинг вилоят ҳудудий бирлашмасининг Қўшма буйруқлари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Кўрик-танловда Федерациянинг вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган таянч гуруҳларидан 11 жамоа иштирок этди. Танлов унинг низомида белгилаб берилган тартиблар асосида ўтказилиб, унга кўра биринчи шарт бўйича жамоалар ўз иштирокчиларини, ўзлари меҳнат қилаётган ташкилотларини таништириб ўтдилар. Иккинчи шарт савол-жавоблар тарзида ўтказилиб, унга кўра жамоалар томонидан саҳнада турган ҳолда амалий, кундалик турмуш жараёнида учраб турадиган саволларнинг ечимлари юзасидан фикрларини билдирдилар.
Учинчи шартда ҳар бир жамоа ўзи тайёрлаб келган театрлаштирилган саҳна кўриниши орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигига оид бўлган, кундалик турмуш жараёнида учраб турган муаммо ва камчиликларни намойиш қилган бўлсалар, тўртинчи шарт бўйича жамоа аъзоларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигини қай даражада билиши юзасидан тест саволлари бўйича ўз билимларини синаб кўрдилар. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир шарт 10 баллик тизимда баҳолаб борилди.
Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин жами 36,8 балл тўплаган Бешариқ туман маданият бўлими таянч гуруҳининг “Маданиятли истеъмолчи”, 2-ўрин 35 балл тўплаган Қувасой шаҳар Мактабгача таълим муассасалари вакилларининг “Ҳимоячилар”, 3-ўрин эса 34,8 балл тўплаган Марғилон шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг “Фемида” жамоасига насиб қилди. Танловда ғолиблари Фахрий ёрлиқ ҳамда ташкилотчилар томонидан ажратилган қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, танловда “Энг ёш иштирокчи”, “Энг ёши улуғ иштирокчи” ва бошқа номинациялар бўйича ҳам иштирокчилар аниқланиб, ташкилотчилар ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва унинг қуйи тузилмалари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид танловлар шу вақтга қадар фақатгина мактаб, коллеж, академик лицей ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган эди, Фарғонада ана шу анъанадан чекинган ҳолда, танловни ташкилотлар ишчи-ходимлари ўртасида ҳам ўтказиш ташаббуси ушбу танловнинг таъсирчанлиги ва аҳамиятини янада оширди.
Post Comment