“Чинортаги”лик истеъмолчининг талаби қондирилди

“Чинортаги”лик истеъмолчининг талаби қондирилди

Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Чинортаги” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Р.Х.нинг харид қилинган телефондаги нуқсон сабабли телефонни сотувчига қайтариб, пулини қайтариб олинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман ички ишлар бўлимига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича ўрганилди.

Ўрганиш давомида истеъмолчи туман марказида фаолият олиб бораётган О. исмли тадбиркордан кнопкали “Самсунг” телефон аппаратини 280 000 сўмга харид қилганлиги, телефондан фойдаланиш даврида ундан тўлақонли фойдаланишга монелик туғдирувчи нуқсон мавжудлигини аниқлагач, сотувчига учрашиб пулини қайтарилишини сўраганлиги маълум бўлди. Лекин сотувчи пулни қайтармаганлиги учун туман ИИБ га мурожат этган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари ҳамда қонун талабларини бажармаслик натижасида келиб чиқадиган салбий оқибатлар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Бундан тўғри хулоса чиқарган сотувчи нуқсонли товарни истеъмолчидан қайтариб олиб, унга пулини тўлиқ қайтариб берди.

Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман жамияти мутахассиси

(иллюстратив фото)

Post Comment